Миллий Қурултой жамоатчилик кун тартибини
шакллантиришнинг асосий механизмларидан бири сифатида ўз мавқеини
мустаҳкамлашда давом этмоқда. Жорий йилдаги экспертлик платформаси фаолияти натижалари
шундан далолат. Маслаҳат органи секциялари йиғилишида Давлат маслаҳатчиси Ерлан
Қарин иқтисодиётдаги барқарор ўсиш, янги корхоналар ишга туширилиши, доимий иш
ўринлари яратилиши, ҳамма ерда ижтимоий обектлар қурилиши, транспорт
инфратузилмасини модернизациялаш давом этаётгани ва бошқа муҳим ютуқларни
таъкидлаб ўтди. Мамлакат тараққиётидаги некбин натижалар Қозоғистон Президентининг кенг кўламли
ислоҳотлари самараси, дея уқтирди Давлат маслаҳатчиси. Қосим-Жўмарт Тўқаев
томонидан кўтарилган парламент ислоҳотига доир ташаббус «Кучли Президент-Нуфузли
Парламент-Ҳисоб берувчи Ҳукумат» шиори доирасидаги кенг кўламли сиёсий
модернизациянинг мантиқий давоми бўлди. Ҳозирда Парламент ислоҳоти бўйича ишчи
гуруҳ экспертлар ва аҳоли билан фаол иш олиб боряпти, жамият билан мулоқот
кетмоқда. Ерлан Қарин, шунингдек, Бурабайда бўлиб ўтган IV йиғилишда айтилган
Давлат раҳбари топшириқлари ва Миллий Қурултой аъзолари таклифларига алоҳида
тўхталиб ўтди.
Ерлан Қарин, Қозоғистон Республикаси Давлат
маслаҳатчиси:
- Биз 53
пунктдан иборат махсус режа қабул қилдик.
Унда, жумладан, турли йўналишлардаги 10
та қонун лойиҳасини тайёрлаш кўзда тутилган. Бир нечта меъёрий ҳужжат қабул қилиниши
режа қилинди.
Шу билан бирга, бир қатор муҳим концептуал ҳужжатлар ишлаб чиқилди,
шулардан бири ички сиёсатнинг асосий
тамойиллари ва йўналишларини белгилаб беради. Таъкидлаш керак, Қурултой фаолияти доирасида қўйилган
вазифаларнинг бир қисми муваффақиятли амалга ошди. Ишлар давом этмоқда. «Қозоғистон болалари» ягона дастурини тайёрлаш бўйича иш олиб бориляпти, фан шаҳарчаларини барпо этишга доир
қонунчилик меъёрлари ишлаб чиқилиши, ноҳукумат ташкилотлар фаолиятини тартибга
солиш, алоҳида эҳтиёжга эга болаларга мажмуавий кўмак чоралари бўйича ишлар
амалга оширилмоқда. Айтиш жоиз, йиғилиш якунларига кўра, Миллий қурултой аъзолари
Давлат раҳбари ташаббуси рўёбга чиқарилишини қўллаб-қувватлади ва айрим
йўналишлар борасида ўз таклифларини билдирди. Миллий қурултойнинг навбатдаги 5-мажлиси
келаси йили Қизил Ўрдада бўлиши режа қилинган.
Абдумалик Сарманов таржимаси

