Инвестиция жалб этиш, жамғарма ва углерод бозорини ривожлантириш. Қозоғистон Президенти Астана халқаро молиявий маркази бошқарувчи кенгаши йиғилишида қатор вазифалар қўйди. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, глобал капитал бозорида кескин ўзгаришлар юз беряпти, халқаро савдо-иқтисодий алоқалар янгидан шаклланяпти. Шунингдек, мамлакатлар ўртаси интеграция жараёнлари кенгайиб боряпти, молия оқимлари қайта тақсимланяпти. Давлат раҳбари таъкидлашича, мавжуд чорловлар ва ўзгаришлар Қозоғистон учун янги имкониятлар очади. Бу жараёнда АХММнинг аҳамияти катта.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Нисбатан қисқа вақт ичида АХММ ўз фаолиятида салмоқли натижаларга эришилди. Инвестициялар жалб этиш учун минтақа даражасида тенги йўқ ажойиб шарт-шароит яратилди. Инвесторларга қулай солиқ, виза ва меҳнат тартиби ташкил қилинди. Ҳар бир инвесторни якка тартибда ва мажмуавий қўллаб-қувватлаш тамойили киритилди. Адолатли ва холис суд тизими яратилди. Рақамли ечимлар туфайли ҳар бир қозоғистонлик IPOда қатнашиш имконига эга бўлди.
Бундан ташқари, Президент АХММ қаршисида муваффақиятли минтақавий молия хаби сифатида мавқеини кўтариш вазифаси турганини таъкидлади. Шу жумладан, хорижий инвестициялар жалб этиш устида ишлаш лозим.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Марказ АҚШ, Европа, Буюк Британия, қатор Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларидаги ҳамкорлар билан тиғиз алоқани йўлга қўйди. Бирлашган Араб амирликлари ва Саудия Арабистонининг йирик компаниялари билан инвестициявий лойиҳаларни илгарилатиш тўғрисида иш олиб бориляпти. Буларнинг барчаси АХММ ва Қозоғистон иқтисодининг инвестициявий салоҳиятини оширади. Шу билан бирга, марказ Ҳукумат ва миллий ташкилотлар билан алоқани кенгайтириши, бошқарув базасини такомиллаштиришда давом этиши керак.
Шунингдек, Президент табиий офатлар оқибатларини бартараф қилиш учун давлат суғурта жамғармаси тузиш заруратини кўрсатиб ўтди. Бундай молиявий механизмлар фавқулодда вазиятларга самарали жавоб бериш имконини беради. Жамғарма тузиш иши билан Ҳукумат Молиявий бозорни бошқариш ва ривожлантириш агентлиги ҳамда АХММ шуғулланади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.