Қозоғистон пойтахтида Астана халқаро форуми бошланди.
Унда 5
мингдан зиёд
делегат иштирок этади.
Булар - давлат етакчилари,
таниқли сиёсатчилар, дипломатлар, нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари.
Жорий йил форум мавзуси
келажак дунё учун бирлашувнинг аҳамиятига бағишланган.
Астана халқаро
форумининг пленар сессиясида қилган чиқишида Қозоғистон Президенти глобал чорловлар ва уларни ҳал этиш йўлларига эътиборини
қаратди. Замонамизнинг асосий муаммоларидан бири –
ҳарбий зиддиятлар. Ўтган йили, маълумотларга кўра, 52 та давлат шундай вазиятда қолган,
дея таъкидлади Қосим-Жўмарт Тўқаев. Шу билан бирга,
зўравонликдан кўрилган иқтисодий зарар 19 триллион долларга етди - бу жаҳон
ялпи ички маҳсулотининг 13,5 фоизини ташкил этади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев,
Қозоғистон Республикаси Президенти:
-
Биз, шунингдек, бундан ҳам қийинроқ истиқбол: ядро қуролига эга давлатлар
ўртасидаги ўсиб бораётган кескинликка эътибор қаратишимиз керак. Бугунги кунда
тўққизта давлат 13 мингдан ошиқроқ ядро каллагидан иборат умумий қуролга эгалик
қилмоқда. Экспертлар огоҳлантиришича, уларни ишга тушириш хатари ошиб боряпти, бу
эса хатолик, тасодиф ёки эскалация сабабли рўй бериши мумкин. Ҳатто битта
портлаш натижаси ҳам ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин. Олимлар фикрича,
бу зудлик билан вайронагарчилик келтириб чиқаришидан ташқари, глобал иқлим
фалокатини чақириши, ҳосил етишмаслигига олиб келиши мумкин.
Қозоғистон Президенти фикрига кўра, глобал
хавфсизликка таҳдид фақатгина геосиёсий характер касб этмайди. Протекционизм, савдо
урушлари кўпайиб бормоқда. Шу сабабли, бугунги кунда БМТ самарадорлигини ошириш
муҳимдир. Бунинг учун, дея уқтирди Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Хавфсизлик
Кенгаши кенгайтирилишини қўллаб-қувватлайди. Республикамиз замонавий турбулент жаҳонни ўзаро конструктив ҳамкорлик призмаси орқали кўради.
Мамлакатнинг ташқи сиёсати бўлиниш ва суверен ҳуқуқларни ҳурмат қилишда мулоқот устуворлигига
асосланади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев,
Қозоғистон Республикаси Президенти:
-
Биз рақамли технологиялар ва сунъий идрокдан тортиб тоза энергия ва юқори
қўшимча қийматли ишлаб чиқаришгача бўлган асосий тармоқлардаги
имкониятларимизни мустаҳкамлашда давом этамиз. Биз Евроосиё IT-хабига айланиш
ниятимизни акс эттирувчи рақамли трансформацияда сезиларли ютуқларга эришдик. Биз
сунъий идрокка алоҳида эътибор қаратамиз. Мақсадимиз – академик ва инновациявий
хабга айланиш бўлиб, бу ерда бир қатор хорижий университетлар филиаллари
фаолият юритади ва илмий-тадқиқот, ишланмалар соҳасида ҳамкорлик алоқалари
йўлга қўйилади.
Бироқ иқлим инқирозини ҳал қилмасдан туриб,
ривожланиш барқарор бўлиши мумкин эмас. Марказий Осиё сайёрамиздаги иқлимга энг
заиф минтақалардан биридир. Бу ерда исиш глобал ўртача кўрсаткичдан икки
баравар тез содир бўлмоқда. Президент таъкидлаганидек, бунга жавобан биз
Марказий Осиёда прагматик ва мувофиқлаштирилган иқлим дастурини илгари суряпмиз.
Келгуси йилда Қозоғистон БМТ билан ҳамкорликда Минтақавий экологик саммитни
ўтказади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

