Европа Иттифоқи ва Қозоғистон: мустақиллик даври ҳамкорлиги

Европа Иттифоқи ва Қозоғистон: мустақиллик даври ҳамкорлиги

Аҳоли жон бошига бевосита хорижий инвестициялар миқдорига кўра Қозоғистон жаҳонда етакчи давлатлардан бири. Мустақиллик йилларида республикага фақат Европа Иттифоқи мамлакатларидан 180 миллиард евро сармоя келтирилди. Натижада, мамлакатда 350 дан зиёд лойиҳа рўёбга чиқарилди. Улар мамлакатда суд тизимида ҳамда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни жорий этиш мақсадида минтақавий ва маҳаллий ҳокимият органлари салоҳиятини мустаҳкамлашга йўналтирилди. Мутахассислар Европа Иттифоқи Қозоғистоннинг асосий иқтисодий ва стратегик ҳамкорларидан бири эканлигини таъкидламоқда.

СВЕН-ОЛОВ КАРЛССОН, ҚОЗОҒИСТОНДАГИ ЕВРОПА ИТТИФОҚИ ЭЛЧИСИ:

- Қозоғистон қисқа вақтда катта йўлни босиб ўтди. Салкам ўттиз йил давомида улкан муваффақиятларга эришилди. Ижтимоий, иқтисодий соҳалардаги ютуқларингиз ҳайратга лойиқ, буни Европа Иттифоқи ҳам, жаҳон ҳамжамияти ҳам юқори баҳолайди. Шунинг учун ҳам келажакда ҳамкорликни давом эттириш истиқболлари ижобий баҳоланади. Шу билан бирга, минтақа давлатларидаги ривожланиш динамикасини кўриб турибмиз, Қозоғистон қўшни мамлакатлар билан муносабатларни ва ҳамкорликни фаол ривожлантиряпти, бу эса биз учун муҳим. Шундай йўл тутиш тўғри эканлигига ишончимиз комил. 

Европа Иттифоқининг Қозоғистондаги ваколатхонаси раҳбари Свен-Олов Карлссон айтишича,  республика келгусида ҳам қўллаб-қувватланади. Шу жумладан, қатор минтақавий дастурлар доирасида. «Марказий Осиё Инвест», SWITCH Asia, шунингдек, Марказий Осиёда халқаро савдони қўллаб- қувватлаш дастури шулар жумласидан.

СВЕН-ОЛОВ КАРЛССОН, ҚОЗОҒИСТОНДАГИ ЕВРОПА ИТТИФОҚИ ЭЛЧИСИ:

- Биз ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришни давом эттириш масаласида катта имкониятлар кўрамиз. Иқтисодиёт муҳим, лекин БМТ, ЕХҲТ тузилмалари доирасида ҳам анча кенг қамровли ҳамкорликни кўзда тутмоқдамиз. Қозоғистон ўтган давр мобайнида халқаро ҳамжамиятда катта обрў қозонишга улгурди. Хавфсизлик, глобал хатарларга қарши фаолият соҳасида кўплаб ташаббуслар мавжуд, Қозоғистон, айниқса, БМТ доирасида фаол ҳаракат қилмоқда.