Астана ва Токио рақамли технологиялар, халқаро молия ва таълим соҳаларида ҳамкорликни кенгайтира олади. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Япония пойтахти губернатори Юрико Коике ҳамкорлик имкониятларини кўриб чиқди. Давлат раҳбари Қозоғистон ва Япония ўртасида кенгайтирилган стратегик шериклик ўрнатилганининг 10 йиллиги арафасида ўтаётган ташрифнинг рамзий мазмунга эгалигини қайд этди. Томонлар замонавий мегаполисни бошқариш мавзусини ҳам муҳокама қилди. Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон Smart City концепциясини илгари сураётганини, дунёнинг энг хавфсиз, тоза ва самарали бошқариладиган шаҳарларидан бири бўлган Токио билан тажриба алмашишдан манфаатдор эканини таъкидлади. Юрико Коике, ўз навбатида, мамлакатда иқтисодиётнинг ўсиши, сунъий интеллектни ривожлантириш, рақамлаштириш ва мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга қаратилган ислоҳотларни юқори баҳолади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Биз Сизни жаҳон миқёсидаги атоқли сиёсатчи сифатида таниймиз. Узоқни кўзлаган раҳбарлигингиз ва мамлакатингизга кўп йиллик хизматингиз чуқур ҳурматга лойиқ. Қозоғистонда сизни вақт синовидан ўтган дўст, ҳамкор ва давлат арбоби сифатида билишади. Халқларимизни яқинлаштиришга хизмат қилувчи Қозоғистон тарихи ва маданиятини оммалаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларингизга алоҳида эътибор қаратамиз.
Қосим-Жўмарт Тўқаев ўтган йили Японияга расмий ташрифи туфайли икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини мамнуният билан эслади. Учрашув ниҳоясида Қозоғистон Президенти Қозоғистон ва Япония ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун Юрико Коикени I даражали «Дўстлик» ордени билан тақдирлади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

