Қосим-Жўмарт Тўқаев телефон орқали Озарбайжон Президенти билан суҳбатлашди. Илҳом Алиев Ақтау яқинида юз берган самолёт фалокати вақтида олиб борилган тезкор қутқарув ишлари ва жабрланганларга кўрсатилган ёрдам учун миннатдорлигини айтди. Президентлар ҳалок бўлганлар оиласига, яқинларига ҳамдардлик билдиришди. Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон томони авиафалокат тафсилотлари ҳар томонлама ва объектив тарзда кўриб чиқилишини кўрсатиб ўтди. Қозоғистон Президенти Владимир Путин билан ҳам бу йўналишдаги ишларни муҳокама қилди. Давлат раҳбарлари Қозоғистон ва Россия фуқароларининг фожиали тарзда ҳалок бўлганлиги боис ҳамдардлик билдиришди. Қосим-Жўмарт Тўқаев Ҳукумат комиссияси Озарбайжон, Россия ва Бразилия мутахассисларини жалб этган ҳолда тафтиш ишлари олиб бораётганини таъкидлади. Авиаҳалокат муносабати билан Давлат раҳбари йиғилиш ўтказди. Қосим-Жўмарт Тўқаев унда тезкор ёрдам хизматларининг ишини юқори баҳолади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Фуқароларимиз биринчи дақиқалардан бошлаб ёрдам қўлини чўзди, ташкилотчилик ва ҳамдардлик намунасини кўрсатди. Одамлар қон топшириш учун навбатга турди. Кўплаб юртдошларимиз Озарбайжон элчихонаси биносига гулчамбарлар келтирди. Мамлакатнинг бундай муносабати оммавий ахборот воситаларидан кенг ёритилди. Бутун дунё қутқарувчилар, врачлар ва волонтёрларнинг фидокорона меҳнатини кузатиб борди. Қўшни қардош давлатлар – Озарбайжон, Россия, Қирғизистон фуқаролари алоҳида миннатдорчилик билдирди.
Давлат раҳбари Ҳукумат комиссиясига жабрланганларга ҳар томонлама тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилишини таъминлаш, ҳалок бўлган қозоғистонликларнинг яқинларига эътибор қаратишни топширди. Қосим-Жўмарт Тўқаев авиафалокат ҳар томонлама ҳаққона тафтиш қилиниши лозимлигини кўрсатиб ўтди. Давлат органларига мамлакатдаги авиация хавфсизлигини назоратдан ўтказиш топширилди. Президент Озарбайжоннинг Azal авиакомпанияси самолёти йўловчиларини қутқаришда жасорат ва касбий маҳорат намоён этган фавқулодда хизмат, тиббиёт, полиция, Манғистау минтақавий электротармоқ компанияси ва Ақтау халқаро аэропорти ходимларини мукофотлади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

