Бугун Қозоғистонда Давлат рамзлари куни нишонланмоқда. Астанадаги «Атамекен» этномемориал мажмуасида Давлат байроғини тантанали кўтариш
маросими бўлиб ўтди. Унда Қосим-Жўмарт
Тўқаев иштирок этди. Қозоғистон Президенти ушбу байрам мамлакат учун алоҳида аҳамиятга
эгалигини таъкидлаб ўтди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев,
Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Давлат рамзлари – Мустақиллигимиз атрибутларидир.
Герб, Байроқ ва Мадҳия давлатчилигимизни ифода этади ва бутун дунёга Қозоғистон
суверен давлат эканлигини намойиш қилади. Юксакликка кўтарилган ялов халқнинг
маънавий қудратини ўзида жамлайди. Шу боис, ҳар йили мазкур байрам шарафига
байроқ кўтариш маросими ўтказилади.
Бугунги кунда Қозоғистон байроғи дунё ҳамжамияти
томонидан эътироф этилган. У Бирлашган Миллатлар Ташкилоти штаб-квартираси биноси олдида ҳилпираб туради. Мамлакатимиз альпинистлари
неча маротабалаб энг юқори тоғ чўққилари узра
байроғимизни қадаган. Бутунжаҳон
мусобақаларида қозоғистонлик спортчилар неча марталаб у билан бирга фахрий
шоҳсупага кўтарилган.
Қосим-Жўмарт Тўқаев,
Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Жорий йилда ҳарбий хизматчиларимиз мовий осмон
тусидаги байроқ остида биринчи марта мустақил тинчлик ўрнатиш миссиясини адо
этди. Қозоғистон – қудратли ва илғор давлат, буни юртдошларимиз эришаётган
ютуқлар ҳам тасдиқлайди. Давлат рамзлари ҳар биримизда ватан учун туганмас фахр
туйғусини уйғотади. Герб, Байроқ ва Мадҳия – чинакам ватанпарварлик тимсолидир.
Улар ҳар бир фуқаро қалбида алоҳида ўрин тутади. Бу рамзларда умуммиллий
идентикамиз, келажакка бўлган интилиш ёрқин тарзда ифодасини топади.
Президент эслатганидек, жорий йилда мамлакат Конституцияси қабул қилинганига 30 йил тўлади. Асосий қонун жамиятимизни тутиб турган бош тамойиллардан иборат. Мамлакатда Қонун ва Тартиб устуворлиги қарор топган. Мунтазам равишда кенг кўламли ўзгаришлар ҳаётга татбиқ
этилаётир.
Бугунги кунда мовий осмон рангидаги мамлакатимиз
байроғи остида турли миллат вакиллари тинч-тотув яшаб келмоқда. Ва фақат бирликни сақлаш ва мустаҳкамлаш орқалигина
янги марраларга эриша оламиз, дея уқтирди Қосим-Жўмарт
Тўқаев. Маросим чоғида, шунингдек, мамлакатдаги МХҚ, Мудофаа, Ички ишлар,
Фавқулодда вазиятлар вазирликлари қошидаги ўқув муассасаларини битирган энг
яхши 14 нафар битирувчи Президент – Қозоғистон Республикаси Қуролли Кучлари
Олий Бош қўмондони қўлидан зобитлик погонларини қабул қилиб олди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев,
Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Мовий осмон тусидаги туғимиз мағрур ҳилпирайверсин! Ватанимиз тинч ва фаровон бўлсин!
Абдумалик Сарманов таржимаси

