Мамлакат пойтахти тобора аҳоли яшаши учун қулайлашиб бормоқда. Мегаполис урбанистикаси ривожланишида асосий инфратузилмаларга юриб бориш имкониятини тақозо этувчи концепция муҳим ўрин тутади. Нур-Султонда асосан ёшлар ўз вақтини самарали ўтказиши учун мўлжалланган жой – «NS streetlife» Кўча спорти колизейи очилди.
Елнар Базикен, урбанистика маркази раҳбари:
- Бу майдончада айнан кўча спорти ривожлантирилиши кўзда тутилган. Қизиқарли бўлиши учун биз уни ёрқин, чиройли қилдик. Шаҳарда баскетболчилар, паркурчилар ҳамжамияти бор. Уларнинг ҳаммасини бу жараёнга тортамиз, мазкур майдончада улар шуғулланиши мумкин бўлади. Умуман олганда, унда ҳамиша бўш ўрин бор. Исталган киши келиб ўйнаши мумкин. Тегишли ҳамжамиятлар профессионал малака оширса бўлади. Ҳаммаси бепул.
Жансара Хомицкая Колизей яқинида яшайди. Одатда у бу жойга икки ёшли қизалоғи билан келади, кичиклигидан унда спортга қизиқиш уйғотишга интилади. Бугун Жансара Алматидан келган дугонаси – стретчинг бўйича тренерни ўзи билан олиб келди. Улар шу ерда спорт билан шуғулланиб, майдонча қулайлигига юқори баҳо берди.
Жансара Хомицкая, пойтахт аҳлидан:
- Қизим билан бу ерда бўш вақтни ўтказишни режалаштирганман. Бирга тўп ўйнаймиз. Мулоқот қиламиз. Маданий дам оламиз. Бу жуда қизиқарли ва қулай. Бу ерга қачон келсангиз ҳам ёшлар тўпланганини кўрасиз. Спорт учун жуда қулай. Бошқа жойларда ўтиргандан кўра, шу ерга келган яхшироқ.
Майдончада баскетбол, минифутбол ўйнаш, бокс ёки гимнастика билан шуғулланиш мумкин. Аренага бир вақтда 600 та одам сиғади. Унда катта беллашувлар ёки рақс баттллари ташкил қилиш мумкин. Иккинчи қаватдаги шийпонлар ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам томошабинлар ўзи истаган жамоага ишқибозлик қилиши учун имконият яратади. Скейт-майдонча очилиши режалаштирилган. Колизей иши кўнгилдагидек давом этса, спорт марказлари бошқа туманларда ҳам очилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси