Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги дори воситаларининг охирги нархларини кўриб чиқмоқда. Яқин вақт ичида аниқ нарх тасдиқланиши кўзланган. Айни пайтда улгуржи ва чакана сотувга мўлжалланган 7 минг 705 та препарат киритилган лойиҳа шакллантирилди. Илгари бу рўйхатда 7 минг 256 та дори воситаси бўлган. Умумий ҳисобда препаратларнинг 88 фоизи нархи ўзгармай қолди, 10 фоизининг нархи ошиши, 2 фоизиники эса пасайиши кутилмоқда.
Фархат Ўразали, Қозоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт ва фармацевтика қўмитаси матбуот котиби:
- Ҳозирги пайтда тегишли ҳисоб-китоблар ўтказилмоқда, охирги нарх-навони тасдиқлашда ҳисобга олиниши лозим бўлган айрим механизмлар бор. Монополияга қарши органлар ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги маъқуллаганидан кейин иккинчи ярим йиллик учун нархлар тасдиқланади. Тегишли нарх ёрдамида дори воситаларининг оптимал қийматини тутиб туриш мумкин бўлади, айрим дори-дармонлар нархи асоссиз кўтарилиб кетишига чек қўйилади.
Эслатиб ўтамиз, 1 июлдан бошлаб Қозоғистонда дори воситалари маркаланиши шарт. Шу тариқа тиббий дориларни ишлаб чиқаришдан истеъмолчига етиб боришига қадар назоратга олиш мумкин бўлади. Тегишли муассасада маълум қилинишича, янги қоидалар дори воситаларининг ноқонуний савдосига қарши курашишда ёрдам беради, умуман, бу препаратлар нархига таъсир қилмаслиги керак. Ўз вақтида маркалаш ўтказилмагани учун тадбиркорлар 400 минг тенгедан 3 миллион тенгегача бўлган миқдорда жарима тўлаши мумкин.
Абдумалик Сарманов таржимаси.