Қозоғистон пойтахтида «Astana Club» бўлиб ўтмоқда

Қозоғистон пойтахтида «Astana Club» бўлиб ўтмоқда

«Astana Club» халқаро майдончаси яна нуфузли экспертларни ўзида жамлади. Нур-Султонда форумнинг олтинчи йиғилиши бўлиб ўтади. Дастлабки куннинг асосий мавзулари - энергоинқироз, иқлим ўзгаришлари ва геосиёсат.

Лидия Пархомчик, Жаҳон иқтисодиёти ва сиёсати институти эксперти:

- Биз барча йўналишларда, ҳам иқтисодиётда, ҳам геосиёсатда йирик тектоник силжишларни кузатяпмиз. Энергетик ўзгаришлар, иқлим ўзгаришлари қанчалик аҳамиятли бўлиб қолаётганини кўриб турибмиз. Бутун дунё бўйлаб кузатилаётган энергетик инқироз Катта Евроосиё, жумладан, Қозоғистон манфаатларига ҳам дахлдор. Бу инқироз вазиятидан чиқишнинг оптимал йўлларини қандай топиш мумкинлигини таҳлил қилиш ва прогноз бериш имконияти.

«Astana Club»нинг анъанавий мавзуларидан бири – ядровий хавфсизлик. Жаҳон экспертлари Қозоғистоннинг ядровий қуролсизланишга қўшган ҳиссасини таъкидлашда давом этмоқда.

Жонатан Гранофф, Глобал хавфсизлик институти президенти:

- Қозоғистонда 1 минг 400 та ядровий қурол бўлиб, барчасидан воз кечилган. Дунёда бундай қуроллар сони 65 мингтадан 14 мингтагача камайди. Бу ҳам ютуқ, аммо ҳали бундан кўпроғига эришиш мумкин. Мазкур мисол бошқа давлатлар етакчиларини ҳам шундай қарорга келишга ундайди. Биз шу мавзуда ҳамкорлик қилишни бошлашимиз лозим, деб ўйлайман.

Хуршида Абдуллаева таржимаси