Қозоғистон Халқ Кенгаши жамият ва давлат мулоқоти майдончасига айланди. Орган олий конституциявий маслаҳат институти мақомини олади ва референдумлар ўтказишни таклиф қилиш, қонунчилик ташаббуслари билан чиқиш ҳуқуқига эга бўлади. Унинг таркибига 126 нафар этномаданий бирлашмалар, жамоат ташкилотлари ва ҳудудлар вакиллари киради. Эслатамиз, жума куни Парламент палаталарининг қўшма мажлисида депутатлар 3 та Конституциявий қонун лойиҳасини - Қозоғистон Халқ Кенгаши, пойтахтнинг мақоми ва мамлакатнинг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисидаги қонунларни биринчи ўқишда маъқуллаганди.
Ерлан Саиров, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси депутати:
- Менимча, унинг таркибида бизнесменлар ҳам, жамоат бирлашмалари, турли қатлам вакиллари бўлади. Бу механизм жамият ва давлат ўртасида бевосита мулоқот ўрнатиш имкониятини беради. Халқ Кенгаши аъзолари жамоатчилик асосида ишлайди.
Бундан ташқари, Астананинг махсус мақоми Конституция даражасида кўрсатилди. Бу ҳужжат шаҳарсозлик, йўл ҳаракати, миграция, экология, туризм ва коммунал хўжалик борасида ҳокимлик ва маслихат ваколатини анча кенгайтиришни кўзда тутади. Пойтахтнинг ягона меъморий қиёфасини шакллантириш, инфратузилмасини ривожлантириш меъёрлари тартибга келтирилади. Мамлакат маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисидаги конституциявий қонунга эса маъмурий-ҳудудий бирликларни белгилаш, вилоятлар, туманлар, шаҳар ва қишлоқларни ташкил этиш, ўзгартириш, бекор қилиш тартибига оид тегишли меъёрлар киритилган.
Абдумалик Сарманов таржимаси

