Астанада Қозоғистон - Россия ҳамкорлиги муҳокама қилинди

Астанада Қозоғистон - Россия ҳамкорлиги муҳокама қилинди

Қозоғистон мувозанатли ва конструктив ташқи сиёсати туфайли Евроосиё ва дунё давлатлари ўртасида самарали ҳамкорликка хизмат қиляпти. Бу борада кўплаб давлатлар учун намуна бўлиб хизмат қиляпти. Республика материкнинг марказида жойлашгани сабабли ҳар икки қитъадаги қўшни мамлакатлар билан мулоқот катта аҳамиятга эга. Россиянинг Қозоғистондаги элчиси Алексей Бородавкин Астанада бўлиб ўтган халқаро давра суҳбатида шундай деди. Тадбирда икки давлат дипломатик корпус вакиллари, аналитиклар, экспертлар ва олимлар қатнашди. Нотиқлар фикрича, Қозоғистон ШҲС, МДҲ, ЖХШТ, Осиёда ишонч чоралари ва ўзаро ҳамкорлик  кенгаши ҳамда бошқа ташкилотларнинг тузилишида ва кундалик фаолиятида катта ўрин тутади. Айни вақтда, мулоқот тизими яратиш, ушбу халқаро ташкилотларни ривожлантириш, улар ўртасида алоқалар ўрнатилишига катта хизмат қиляпти. Шунингдек, мамлакатнинг минтақавий хавфсизлик тизими шаклланиши, Қозоғистон ва Россия ўртасида сиёсий, иқтисодий, гуманитар, савдо муносабатларининг ривожланишидаги хизматлари тилга олинди.  

Алексей Бородавкин, Россиянинг Қозоғистондаги элчиси:  

- Иқтисодий алоқалар муваффақиятли ривожланяпти, ўтган йили салкам 30 миллиард долларга маҳсулот алмашдик. Товар айланмаси, инвестициявий алоқалар  фаол ошаяпти. Расмий статистика маълумотларига кўра, Қозоғистонга ўтган йили 4 миллиард доллар инвестиция  киритдик. Кўплаб қўшма корхоналар очдик. 

Тўлеутай Сулейменов, Қозоғистон Республикаси Президенти қошидаги Давлат бошқаруви академияси профессори: 

- Евроосиё ҳудудида Қозоғистон Республикаси энг муҳим ҳамкорлардан бири. Беларусь, Россия Федерацияси, ташкилотга аъзо бошқа давлатлар билан бирга Евроосиё Иқтисодий иттифоқи ривожига катта ҳисса қўшаяпмиз. 

Абдумалик Сарманов таржимаси