Биржа савдоси тўғрисида қонун лойиҳаси киритилди

Биржа савдоси тўғрисида қонун лойиҳаси киритилди

Қозоғистонда виждонсиз биржа савдоси иштирокчилари рўйхати юритилади. Ижтимоий аҳамиятга эга товарлар эса ундаги аукционлар умумий рўйхатидан ажратиб олинади. Бундай маҳсулотларга кўмир, буғдой, нефть маҳсулотлари ҳам киради. Улар фақат махсус рўйхатга олинган биржалар орқали сотилиши мумкин. Рўйхат Ҳукумат томонидан тасдиқланади, иштирокчилар танлов асосида қабул қилинади. Савдо ва интеграция вазири шу ва бошқа ўзгаришлар кўзда тутилган тегишли қонун лойиҳасини Ҳукуматга тақдим этди. Арман Шаққалиев таъкидлашича, янги шартлар ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари нархи шаффоф тартибда белгиланиши,  биржаларга қўйиладиган талаблар қатъийлашиши учун киритиляпти. Бундан ташқари, қонун лойиҳасида биржада тижорат сирини сақлашга оид қўшимча талаблар бор. Иштирокчилар ва шартномалар очиқ берилади, натижада товар оқимларини кузатиш имкони туғилади. Савдо ва интеграция вазири биржаларни кичик ва микротадбиркорлик субъектлари рўйхатидан чиқаришни таклиф қилди.

Арман Шаққалиев, Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазири:
- Давлат раҳбари олдимизга қўйган талабларнинг барчаси қонун лойиҳасидан ўрин олди. Натижада, биржа савдо, иқтисодиёт, ишлаб чиқаришни ривожлантиришда ҳаракатланувчи куч бўлиши лозим. Асосий натижа – нархлар шаффоф шаклланишига, биржа савдоси иштирокчилари пул оқимларини назорат қилишига эришилади.

Алихан Смаилов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:
- Давлат органлари 2 кун давомида биржа савдоси бўйича Ҳукумат хулосасини мувофиқлаштириши керак. Рақамли тараққиёт вазирлиги мавжуд жаҳон стандартларини ҳисобга олган ҳолда товар биржалари дастурларининг ахборот хавфсизлигини ошириш масаласини кўриб чиқиши зарур. Савдо вазирлиги Адлия вазирлиги ва Рақобатни муҳофаза қилиш ва ривожлантириш агентлиги билан бирга дарҳол Маъмурий қонунбузарликлар тўғрисидаги кодексга товар биржалари ва уларнинг иштирокчилари жавобгарлигини ошириш масаласини киритиши керак.

Абдумалик Сарманов таржимаси.