Қозоғистон денгиз дарвозалари орқали ташилаётган юк ҳажми икки марта ортди. Жорий йилнинг фақат биринчи чораги давомида Ақтау порти орқали бир миллион 200 минг тонна юк ўтказилди. Хорижий мамлакатларга республика дон, кўмир, нефть маҳсулотлари, ўғит, химикатлар ва бошқа маҳсулотлар экспорт қилади. Порт барча типлардаги кемаларга йил давомида хизмат кўрсата олади. Ундаги омборхоналарда 2,5 мингтагача контейнер сақлаш мумкин.
Абай Турикпенбаев, Ақтау халқаро денгиз савдо порти президенти:
- Биз транскаспий халқаро транспорт йўналиши ҳамжамиятини ташкил қилдик. Унга барча жараён иштирокчилари киради. Бу йўналишдаги заиф ҳалқаларни тузатишга ҳаракат қиляпмиз. Биргаликда иш юритган ҳолда рақамлаштириш, божхона талабларини соддалаштириш, жараёнларни тезлаштириш орқали маҳсулот ўтказишни яна 20 фоизга оширишимиз мумкин.
Қуриқ порти орқали мамлакатга автомобиллар, озиқ-овқат маҳсулотлари, саноат ускуналари, қурилиш материаллари импорт қилинади. Электроника, текстиль, металл буюмлар транзити амалга оширилади. Автомобиллар ва темирйўл учун мўлжалланган причаллар бор. Ўтказиш қуввати йилига 4 миллион тоннани ташкил қилади. Икки причал бир вақтнинг ўзида 4 паромга хизмат кўрсата олади. Барча ишлар «ягона дарча» тамойили асосида амалга оширилади.
Серик Ахметов, қуриқ порти бош директори:
- Ўтган ойда иш ҳажми 3 марта ортди. Яъни, машиналар ҳам, вагонла ҳам 3 марта кўпайди. Тегишлича, бу нарса уларнинг умумий оғирлиги кўрсаткичларида аксини топди. Автомобиль транспорти келтириш кўпайди. Туркия логистикаси машиналарга асосланган, биз евро-фуралари учун йўлак яратишга эътибор қаратяпмиз.
Каспий денгизи шарқий соҳилида халқаро йўлакнинг яна бир қисми мунтазам ишлаб турибди. Ақтау шимолий денгиз терминали асосан Эрон, Россия ва Озарбайжонга маҳсулотларни йўллаш билан шуғулланмоқда.
Абдумалик Сарманов таржимаси.