Қозоғистонда уй-жой қурилиши рекорд даражага етди. Жорий йилда мамлакатда 18 миллион квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилиши режа қилинган. Бу - 170 мингдан ошиқ тураржой объекти. 2018 йили кўрсаткич билан солиштирганда, бу деярли 50 фоизга кўп. Дарвоқе, мақсад – 2029 йилга бориб, қурилиш ҳажмини сезиларли равишда, яъни 111 миллион квадрат метргача етказиш. Ҳукуматда соҳани ривожлантириш борасида сўз юритилди. Тегишли вазирлик маълум қилишича, Шаҳарсозлик экспертизаси институти жорий этилган, соҳанинг ягона рақамли экотизими ишлаб чиқиляпти. Уй-жой сиёсати соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилмоқда. 50 минг қозоғистонликка сотиб олиш ҳуқуқисиз ижара тураржойини хусусийлаштириш ҳуқуқи тақдим этилади. Бу жараёнда Миллий тараққиёт институти бевосита роль ўйнайди. Шунингдек, қурилиш кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилган. Лойиҳа кўриб чиқиш учун Парламент Қуйи палатасига тақдим қилинган.
Қанат Шарлапаев, Қозоғистон Республикаси Саноат ва қурилиш вазири:
- Лойиҳада кўзда тутилган чора-тадбирлар бозорни виждонсиз қурувчилардан
тозалаш, қурилиш фаолиятидаги барча субъектлар компетенцияси ва профессионал
жавобгарлигини ошириш, шунингдек, лойиҳалаштириш ва қурилиш сифатини яхшилаш
имконини беради.
Масъулиятни суғурталаш низоми билан экспертларни сертификациядан ўтказиш режалаштирилган. Сейсмик фаол ҳудудларда қурилиш хавфсизлигини таъминлаш мақсадида лойиҳалаш ва қурилишда сейсмоизоляция тизимлари қўлланади.
Қозоғистонда 5 та трансчегаравий хаб ишга туширилади
Шунингдек, Қозоғистонда трансчегаравий хаблар барпо этиш устида иш олиб бориляпти. Ҳукумат 5 та йирик лойиҳани ишга тушириш учун тайёрламоқда. Бу – Хоргос ва Каспий тугунлари бўлиб, Хитой ва Транскаспий йўналишида жойлашган давлатлар билан савдони кенгайтиради. Россия билан чегарадаги «Евроосиё» трансчегаравий савдо маркази, Ўзбекистон билан чегарадаги «Марказий Осиё» халқаро саноат кооперацияси, шунингдек, Қирғизистон билан чегарада жойлашган саноат савдо-логистика мажмуаси. Бундан ташқари, Ақтау ва Қуриқ портларида контейнер хаби барпо этилади, Астана, Алмати, Чимкент ва Ақтўбе аэропортларида мультимодал авиахаблар қурилади.
Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:
- Ўзбекистон билан чегарада «Марказий Осиё» хаби лойиҳасининг амалга оширилиши темирйўл инфратузилмасининг ўтказув қувватини йилига 20 миллион тоннага етказиш имконини беради. Ақтау портида контейнер хаби барпо этилиши юк ўтказилишини йилига 92 мингдан 300 минг контейнерга оширишни таъминлайди. Умуман, хаблар тизими савдо шерикларимиз билан ягона савдо-транспорт майдонини яратиши лозим. Бу давлатлар ўртасида маҳсулот айланмасини сезиларли оширади ва қўшни мамлакатлар билан стратегик муносабатларни мустаҳкамлайди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

