Қозоғистон ва Хитой тоғ-кон саноатида қатор қўшма лойиҳаларни рўёбга чиқаришни режалаштирмоқда. Улар разведка, руда қазиб олиш, бойитиш ва чуқур қайта ишлаш соҳаларига тааллуқли. Шуни айтиш керакки, томонлар Пекиндаги Қозоғистон-Хитой инвестициявий ҳамкорликка бағишланган тадбир доирасида ўзаро шериклик имкониятларини кўриб чиқди. Осмоности мамлакати тадбиркорлари Қозоғистонда хорижлик инвесторларга бериладиган имтиёзлар билан таништирилди. ХХР бизнеси вакиллари ҳамкорлик моделларини таклиф қилди, хорижда амалга оширилаётган лойиҳалар, ўзларида мавжуд бўлган технологик ва молиявий тажриба ҳақида маълумот берди.
Цзя Минсин, рангли металлургия хитой ҳамжамияти бош котиби:
- Хитой кўп йиллар давомида рангли металлургияни ривожлантириб келмоқда. Бугунги кунда биз разведка, руда қазиб олиш, бойитиш ва чуқур қайта ишлаш соҳаларида дунёда биринчи ўриндамиз. Шунинг учун ҳам мамлакатларимиз бир-бирининг ўрнини тўлдиради. Хитой Қозоғистонда қатор инвестициявий лойиҳаларни рўёбга чиқарган, хусусан, алюминий ва мис ишлаб чиқаришда ҳам. Биз иш таннархини камайтириш учун Қозоғистонга ускуна ва технологиялар экспорт қиламиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси