Қозоғистон онкожарроҳлари кўкрак бези ўсмасини олиб ташлаш бўйича
инновациявий усулдан фойдаланаяпти. У беморнинг ташқи кўринишини сақлаб қолиш
ва тикланиш жараёнларини жадаллаштириш имконини беради. Бунинг учун мамлакат
олимлари яратган имплантлардан фойдаланилади. Ҳозир клиник тадқиқотлар
ўтказиляпти. Йил бошидан буён онкология марказида 30 тадан кўпроқ шундай
амалиёт ўтказилди.
Надежда, бемор:
- Амалиётдан чиқдим, ўзимни
ҳам жисман, ҳам руҳан яхши ҳис қиляпман. Шу қадар миннатдорманки… ҳозир йиғлаб
юбораман. Ҳаммаси кутганимдан анча яхшироқ бўлди. Лекин, барибир маълум вақтда
шифокор кўригида бўламан, кузатишади, тегишли ишларни амалга оширишади.
Ўсмани олиб ташлагач, дарҳол кўкракни тиклаш иши амалга оширилади. Имплант
ўрнатиш орқали сут безлари шаклланади. Шу тариқа, кўкрак шакли тикланади,
аёлнинг ҳам жисми, ҳам руҳияти яхшиланади, дея таъкидлади мутахассислар.
Бауржан Анапия, Миллий илмий онкология маркази катта ординатори:
- Биз кўкрак безини тиклашдан ташқари, долзарб муаммолардан бири - лимфодема
ҳосил бўлиши олдини оламиз. Одатда, кўп сонли лимфати тугунлари олиб ташланиши
сабабли амалиётдан сўнг қўл тўқималари шишиб кетади. Биз бунга йўл қўймаслик
учун лимфовенуляр анастомозлар қўямиз, натижада иккиламчи лимфодемалар пайдо
бўлиш эҳтимоли деярли юз фоиз бартараф этилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

