«Astana Media Week-2023» давом этяпти

Қозоғистонда «Astana Media Week-2023» ҳафталиги давом этяпти. Кузнинг энг муҳим медиатадбирида соҳадаги турли масалалар муҳокама этилиши, янги ўзгаришлар сари йўл очиш режалаштирилган. Навбатдаги анжуманда маълумотларни муҳофаза қилиш, медиада рақамлаштириш масаласи  кўриб чиқилди.

Данияр Бибасар, IT компанияси бош директори:
- Жаҳон миқёсида турли муқобил айти маҳсулотлари мавжуд. Бизнинг устун жиҳатларимиз кўп. Масалан, Қозоғистондаги барча ахборот воситалари билан ҳамкормиз. Аналитика марказимиз бор. У медиа масаласидаги муаммоларни ҳал этишга ёрдамлашади. Масалан, сунъий интеллект берилган салбий фикрларга ҳам жавоб тайёрлаб бера олади.

Марказий Осиё ҳудудида ягона ахборот майдони ташкил этилиши маълумот бериш усулларини янгилаш билан бирга этика ва масъулият, ёлғон маълумотларга қарши тура олишни талаб қилади. Қозоғистонлик ва хорижлик экспертлар бу борада ҳам фикр алмашди. Пойтахтдаги медиатадбирда Туркия, Корея, Россия ва Марказий Осиёдан мутахассислар иштирок этмоқда.

Мехмед Заҳид Чалишкан, Түркия телерадиокорпорациясининг Қозоғистондаги ваколатхонаси бошлиғи:
– Халқаро даражада олиб қарасак, бу тадбирда фақат Марказий Осиё ва Туркий дунёдан эмас, бошқа давлатлардан ҳам вакиллар қатнашяпти. Яъни халқаро даражада фикр алмашилмоқда. Кенг кўламли анжуман Қозоғистонда бўлиб ўтиши бу ердаги медиасаноат намуна бўла олишини кўрсатади.

Медербек Шерметалиев, Қирғизистоннинг «Қабар»  миллий ахборот агентлиги директори:
– Қирғизистоннинг «Қабар» агентлиги Қозоғистон, шунингдек, Марказий Осиёнинг барча оммавий ахборот воситалари билан бирга ишлашга тайёр. Бундай          тадбирлар минтақада ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун жуда муҳим.  

Жорий йилда тадбирга мустақил подкастлар ва рақамли контент муаллифлари таклиф этилди. Astana Media Week 3 кун ичида 2 мингдан кўпроқ иштирокчини, 60 дан зиёд топ-менежерни ўзида жамлаши кутиляпти. 

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.