Қозоғистон олимлари зарари кам кўмир брикети тайёрлашни кашф этди

Қозоғистон олимлари экологик фойдали ноу хау таклиф этди. ал-Форобий номли Қозоғистон миллий университети тадқиқотчилари таркибида зарарли маҳсулотлар кам бўлган брикетланган кўмир ишлаб чиқаришни таклиф этмоқда. Бунинг учун паст тоифадаги ёқилғига осциллатория бактерияси киритилади. Тадқиқотлар давомида маълум бўлишича, микросувўти олтингугурт улушини камайтиради. Олимлар таклиф этган усул асосида ишлов берилган тақдирда экологик муаммолар камаяди ва чиқадиган ис гази ҳам камаяди. Бу эса ёқилғи самарадорлигини оширади. Янги технология асосида тайёрланган брикетлар озиқ-овқат саноатида ҳам, иссиқлик электромарказларида ҳам, табиат қўйнида дам олишга чиққанда ҳам ишлатилиши мумкин.

Алан Аймағамбетов, Қозоғистон - Германия – Хитой халқаро илмий-тадқиқот амалий микробиология лабораторияси кичик илмий ходими: 

- Қозоғистон кўмирининг салкам 80 фоизини қуйи тоифадаги хомашё ташкил қилади. Ундан асосан электроэнергия олиш учун фойдаланилади, айни вақтда кўп миқдорда азот ва олтингугурт бирикмалари ажралиб чиқади. Бундан ташқари, бундай кўмирдан кўп миқдорда қурум чиқади, берадиган калорияси кам. Биз хитойлик ҳамкасблар билан бирга иш юритамиз. Ҳамкорликда тадқиқот олиб бордик. Математик модель шуни кўрсатдики, қуйи сифатли кўмир зарраларини бир-бирига боғловчи энг яхши восита сувўтлари биомассаси экан. Қатор тадқиқотлар уни кўмир билан бирга ишлатиш биореостабилизацияга олиб келишини исботлади. Бу Қозоғистондаги мазкур йўналишда олиб борилган дастлабки изланишлар. Ҳали ҳеч ким сувўтларининг кўмир билан бирга уйғунлашиши қандай оқибатларга олиб келишини ўрганмаган. 

Ҳозир олимлар биокашфиёт учун патент олишмоқда. Натижада, маҳсулотни аввал мамлакат ичида, сўнгра хорижий бозорларда сотиш имконияти туғилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.