Ўта муҳим ва ноёб металлар
қазиб олиш кенгаяди, улар асосида инновациявий маҳсулот чиқарилади. Ҳукумат
йиғилишида Қозоғистон Бош вазири шундай топшириқ берди. Ўлжас Бектенов лойиҳалар
юқори қўшимча қиймат бериши кераклигига алоҳида эътибор қаратди. Бу эса
мамлакат ичида янги малакалар эгалланиши, технологик мураккаб ишлаб чиқаришлар
ўсиши учун салоҳият яратилишига олиб келади. Бош вазир таъкидлашича, Қозоғистон
тоғ-кон саноати улкан экспорт имкониятларига эга. Мис, рух, темир ва алюминий дунёнинг
барча қисмларида талабга эга. Мамлакат иқтисодини диверсификациялаш учун қайта
ишлаш саноатига эътибор қаратиляпти. Саноат ва қурилиш вазирининг ўринбосари
ноёб-ер металлари саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳақида
гапирди.
Ўлжас Сапарбеков, Қозоғистон
Республикаси Саноат ва қурилиш вазирининг ўринбосари:
- Давлат раҳбари
топшириғини бажариш мақсадида 2024–2028 йилларга мўлжалланган ноёб ва ноёб-ер металлари
соҳасини ривожлантириш мажмуавий режаси қабул қилинди, рўёбга чиқариляпти. Ишлаб
чиқариш соҳасига келганда, мамлакатда бошқаларда йўқ маҳсулот чиқарувчи 8 та
корхона бор. Имконият ва талабга кўра 4 йўналиш танлаб олинди. Биринчиси - батарея материаллари.
Иккинчиси - иссиқликка чидамли қотишмалар. Учинчиси - ярим ўтказгич материаллар, тўртинчиси - доимий магнитлар.
Таъкидлаш лозимки, мамлакатда
ноёб-ер металлари захиралари етарли. Ўтган йили яна 11 та участкада разведка
ишлари якунланди. Улардан бирида таркибида 17 та ноёб компонент бўлган йирик
кон топилди. Прогнозлар тасдиқланса, республика ноёб-ер элементлари захирасига
кўра Ер юзидаги илғор давлатлар ўнлигига кириши кутиляпти.
Абдумалик Сарманов таржимаси

