Қозоғистон-Нидерландия: ўзаро ҳамкорлик йўлида

Қозоғистон-Нидерландия: ўзаро ҳамкорлик йўлида

Мамлакат бозорининг салоҳияти, инвестициявий иқлим таркибий қисмлари ва Янги Қозоғистонда хорижий инвесторларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари. Қозоғистон-Нидерландия вакиллари шу ва бошқа ҳамкорлик йўналишлари хусусида фикр алмашди. Мамлакат Ташқи ишлар вазири ўринбосари Роман Василенко таъкидлашича, Қозоғистон халқаро мажбуриятларига содиқлигича қолади ва хорижий инвестициялар келишидан манфаатдор. Нидерландия тадбиркорлари ўз навбатида қишлоқ хўжалигига ва «яшил иқтисодиёт»ни ривожлантиришга сармоя киритишга тайёрлигини билдирди.

Роман Василенко, Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари:

– Биз голланд компаниялари Қозоғистонда рўёбга чиқараётган ёки режалаштираётган аниқ лойиҳалар хусусида гаплашдик. Бугунги кунда хориждаги сармоядорлар ҳамжамияти Қозоғистон ҳукуматининг вазиятни барқарорлаштиришга, барқарор ўсиш ва инвестициявий иқлимни яхшилашга йўналтирилган қадамларини кузатиб бормоқда. Демак, бугунги сермазмун мулоқотимиз айни вақтида юз берди.

Таъкидлш лозимки, икки давлат товар айланмаси 2021 йилда 4,6 миллиард долларни ташкил қилди, бу эса ўтган йилдагидан салкам қирқ фоиз кўп. Эслатамиз, Нидерландия – мамлакатнинг энг йирик инвестори ҳисобланади. 2005 йилдан бошлаб, бу давлатдан Қозоғистонга 103 миллиард доллардан зиёд бевосита инвестиция кириб келган. Республикада Голландия капитали  иштирокидаги 700 дан зиёд компания ишлаб турибди.

Хенк Нибор, тадбиркор, Қозоғистон Республикасининг Нидерландиядаги фахрий консули:

– Биз муносабатларимизнинг ривожланиш истиқболига ижобий қараймиз. Мен санкциялар бўйича эксперт эмасман, лекин Россияга қарши қўлланган чора-тадбирлар Қозоғистон каби давлатларга ҳам таъсир кўрсатишини кўриб турибмиз. Мен эса фақатгина Нидерландия давлат ва сиёсат арбобларига бир давлатга қарши қўлланган санкциялар бошқа мамлакатларга ҳам зарар етказишини ҳисобга олиш лозимлигини таъкидлашим мумкин, холос. Ҳозир биз қарши оқимга дуч келдик ва кўп нарсани ўзгартира олмаймиз, бироқ биргаликда ижобий натижалар учун меҳнат қила оламиз. Муаммоларни ҳал этиш юзасидан умумий ечимлар ишлаб чиқишимиз мумкин.

Ташқи ишлар вазири ўринбосари нидерландиялик ҳамкасби Тейс ван дер Плас билан бирга БМТ, ЕХҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида ҳамкорлик қилиш чора-тадбирларини муҳокама қилди. Томонлар парламентлар аро мулоқотни давом эттириш хусусида келишиб олди.

 

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.