Қозоғистон-Озарбайжон эксперт йиғилиши ўтказилди

Қозоғистон-Озарбайжон эксперт йиғилиши ўтказилди

Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасида товар айланмаси 2021 йилда 330 миллион доллардан ошган. Лекин икки давлат имкониятлари бундан анча кўп. Қозоғистон-Озарбайжон эксперт йиғилишида мутахассислар шундай фикр билдирди. Унинг таркибида депутатлар, икки мамлакат давлат органлари вакиллари бор. Тадбирда томонлар маданий-гуманитар ҳамкорлик, туризм, паром ва авиаалоқани ривожлантириш масаласини муҳокама қилди. Расмий маълумотларга кўра, Қозоғистонда 500 дан зиёд компанияда Озарбайжон ҳиссаси бор. Қўшни мамлакатда қозоғистонликлар маблағи ёрдамида фаолият юритаётган корхоналар умумий сони эса 150 тага етади.

Еркин Тукумов, Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти директори:

– Жорий йилда икки давлат ўртасидаги дипломатик алоқалар ўрнатилганига 30 йил тўлди. Мустақилликка эришгач, Нур-Султон ва Боку ўзаро ҳамкорликни стратегик даражага олиб чиқди. Озарбайжон Қозоғистон учун табиий иттифоқчи, Жанубий Кавказдаги стратегик ҳамкор. Озарбайжон орқали бевосита Туркия ва Европа Иттифоқига, Яқин Шарққа чиқа оламиз. Нефть-кимё, транспорт, қишлоқ хўжалиги, яшил энергетикада яқиндан ҳамкорлик қилиш имкони мавжуд.

Фарид Шафиев, Озарбайжон халқаро муносабатлар таҳлили маркази раиси:

- Энергетика ва транспорт соаҳаларидагиҳамкорликни кенгайтириш даври келди. Биз ўртадан ўтувчи йўлак масаласини кўзда тутяпмиз. Икки давлат ўртасида товар айланмасини кенгайтириш учун имконият катта. Халқаро ва минтақавий хавфсизлик масаласи ҳам муҳимлигича қолмоқда. Шунингдек, Қозоғистон ва Озарбайжон халқаро ташкилотлар доирасида ҳамкорликни мустаҳкамлаши зарур. Шу билан бирга, туркий давлатлар ташкилотлари доирасида ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратишни истардим.

Эслатамиз, 24 августда Қозоғистон президенти Илҳом Алиев таклифига кўра Бокуга сафар қилиши кутилмоқда. Давлат раҳбарлари тор ва кенгайтирилган форматда икки томонлама стратегик ҳамкорликни ривожлантириш масаласини муҳокама қилади.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.