Мусулмон дунёсининг бошқа кўплаб давлатларида бўлгани каби Қозоғистонда ҳам муборак Рамазон ойи бошланди. Мана, иккинчи йилдирки, унинг байрам қилинишига коронавирус ўзгариш киритди. Пандемия янги қоидалар жорий этишни талаб қилади. Дарвоқе, жорий йилда вазият 2020 йилдагига нисбатан бироз некбин. Республиканинг яшил зонадаги минтақаларида масжидлар санитария меъёрларига амал қилган ҳолда ишлашига рухсат берилди. Мамлакатнинг икки мегаполиси – Нур-Султон ва Алматида бундай эмас. Эслатамиз, бу шаҳарлар аввалгидек хавфли инфекция тарқалиши бўйича қизил зонада турибди, шунинг учун қоидалар бироз қатъийроқ.
Смайл Зейтбек, ҚМДБ Диний таълим ва тайёрлаш бўлими раҳбари:
- Биз барча фуқаролар, мусулмонлардан қаерда бўлсалар ҳам, санитария меъёрларига риоя қилишни сўраймиз. Масжидга намоз ўқиш ёки садақа бериш учун келганда, санитария талабларини унутмаслик лозим. Қозоғистонда вилоятлар касаллик тарқалишига кўра турли зоналарга бўлинган, шу боис, диний бошқарма шаҳар қайси ҳудудга мансублигидан келиб чиққан ҳолда, махсус қоидаларни жорий этди. Фуқаролар бир-бирига зарар етказмаслиги учун бу тавсияларга амал қилишларини сўраймиз.
Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасида эмлаш масаласига ҳам изоҳ берилди. Мутахассислар сўзига қараганда, рўза пайтида эмлаш олишга рухсат берилади.
Дарвоқе, апрель ойида ёздагига қараганда рўза вақтлари қулайроқ бўлади. Масалан, саҳарлик тонгги тўрт яримда бошланади. Айтиш жоиз, диетологлар бу паллани ўтказиб юбормасликни маслаҳат беради.
Ерлан Манатаев, Қозоғистон Республикаси Саломатлик элчиси:
- Биринчидан, албатта, тўғри, оқилона ва меъёрида овқатланиш керак. Тонгги емак, бошқача айтганда, саҳарлик қилиниши жуда муҳим. Бунда таом истеъмоли меъёрида бўлиши лозим, яъни секин углеводларни қабул қилиш зарур. Бу, масалан, донлар, сутда ёки сувда пишган бўтқа, албатта бирорта сабзавот ва албатта, оқсил бўлиши керак.
Рамазон – ислом қамарий тақвимидаги энг машҳур ой. Бу рўза тутиш ва тинчлик палласи. Эслатамиз, жорий йилда рўза ойи 13 апрелдан бошланиб, 12 майда якунига етади. Лайлат ул-Қадр кечаси 8 майдан 9 майга ўтар кечаси кутилади.