Донорлик учун мукофот

Донорлик учун мукофот

Вазир Ақмарал Альназарова органлар донори бўлган Максим Войнюшнинг яқинларига «Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» мукофотини топширди. Аварияга учраган 18 ёшли йигитчанинг яқинлари органларни кўчиришга рухсат бергани сабабли тўрт одамнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Улар кўпдан буён донор органларини кутаётганди. Кўчириш амалиёти муваффақиятли ўтди. Максим вужудининг бир қисми Чимкент, Алмати, Туркистон вилояти ва Астанадаги одамларда. 

Акмарал Альназарова, Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири:

– Биз сизга миннатдорчилик билдиришни истаймиз. Албатта, бу олижаноблик, меҳрибонлик намунаси. Фикримча, Максимнинг бир қисми бу дунёда яшашда давом этяпти. 

Айдар Ситказинов, Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Трансплантация юқори технологик тиббий хизматларни мувофиқлаштириш Республика маркази директори:

– Юрак тўхташи билан қон айланиши бузилади. Шундан кейин 6-8 соат, баъзида бир сутка жараённи кечиктириш мумкин. Лекин бу ҳолат қанчалик узоқ давом этса – кўчирилган органнинг янги танага жойлашиши қийинлашади. Вафотидан кейин донор бўлганлар кам. Чунки вафот этган одамнинг қон гуруҳи ҳам тўғри келиши лозим. Шунинг учун органлар кам, тўғри келадиган ҳолатлар ҳам у қадар кўп эмас. Учинчи, тўртинчи, иккинчи гуруҳ қон бор. 

Таъкидлаш лозимки, йил бошидан буён вафот этганлардан 5 марта донорлик қилинди. Ҳозир 4 минг нафардан зиёд қозоғистонлик ўзига тўғри келадиган орган кутяпти.

Абдумалик Сарманов таржимаси.