Қозоғистонда йил бошидан буён 200 миллион кибератака рўйхатга олинди

Йил бошидан буён Қозоғистонда 200 миллион кибератака рўйхатга олинди. Пандемия даврида рақамли инфратузилмаларга кўплаб зарба беришга уринишлар кузатилди. Давлатга қарашли  интернет воситаларида юзага келган муаммолар рақамлаштириш жараёнида ташкилий ва технологик камчиликлар борлигини кўрсатди. Бўлиб ўтган брифингда сўзга чиққан Рақамли тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат вазирлиги ахборот хавфсизлиги қўмитаси раиси Руслан Абдиқалиқов айтишича, давлат органларига ҳужумларни қайтаришга оид кибермашқлар давом этяпти.

РУСЛАН АБДИҚАЛИҚОВ, РАҚАМЛИ ТАРАҚҚИЁТ, ИННОВАЦИЯ ВА АЭРОКОСМИК САНОАТ ВАЗИРЛИГИ АХБОРОТ ХАВФСИЗЛИГИ ҚЎМИТАСИ РАИСИ:

– Ўтказилаётган кибермашқлардан мақсад – давлат органлари, ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўлинмалари, ахборот хавфсизлиги оператив марказлари рақамлаштириш учун ҳаётий муҳим объектларга туғилиши мумкин бўлган хавфларга қарши тура олишини текшириш. Улар шартли қонунбузар уюштирган рақамли электрон ҳукумат, муҳим ахборот-коммуникация марказлари ва бошқа объектларга Д-дос ҳужумларни қайтаради. Шу кунгача давлатга қарашли интернет-захираларга ҳужум қилиб, уларни бузишга уринишлар кузатилди. Ижтимоий тармоқлар орқали ёлғон ахборотлар тарқатишга ҳаракат қилинди, фишинг ва зарарли дастурларни тарқатишга уринишлар бўлди.

Эслатамиз, 6 декабрдан бошлаб, Рақамли тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат вазирлиги Миллий Хавфсизлик қўмитаси билан бирга «Киберхавфсизлик Нур-Султон-2020» машқлари ўтказмоқда.