Қозоғистон машинасозлари XI форуми бўлиб ўтди

Қозоғистон машинасозлари XI форуми бўлиб ўтди

Астанада бўлиб ўтган ихтисослашган форумда Қозоғистон қайта ишлаш саноати ва унинг ҳаракатлантирувчи кучи  - машинасозликни ривожлантиришдаги устувор йўналишлар ҳақида гап борди. Ўтган йили давлат ёрдами туфайли соҳада ишлаб чиқариш ҳажми уч триллион тенгедан ошган, маҳаллий маҳсулот ассортименти ва ташқи бозорлари анча кенгайган.

Алихан Смаилов, Қозоғистон Республикаси бош вазири:

- Ўтган йили машинасозликда ишлаб чиқариш ҳажми 9 ярим фоизга ўсди, 2023 йилнинг 4 ойида эса 36 фоизга кўпайди. Республиканинг машинасозлик маҳсулотларига эҳтиёжи 23 миллиард долларни ташкил қилади. Шундан 3 миллиарди маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобига қондириляпти. Импорт ўрнини тўлдириш эвазига соҳани анча ўстириш имконияти бор. Олдимизда ҳамёнбоп молиявий воситалар яратиш ҳисобига машинасозлик маҳсулотлари рақобатбардошлигини ошириш, янги технологиялар жорий этиш, маҳаллий маҳсулот улушини кенгайтириш ва экспортни илгари суриш вазифалари турибди.

Модернизациялаш, ишлаб чиқаришда инновация ва рақамлаштиришдан фойдаланиш зарур. Ҳукумат раҳбари таъкидлашича, мазкур уч йўналишда муваффақиятга эришиш соҳада кескин ривожланишга олиб келади. Энг муҳими, давлат тадбиркорларга ёрдам кўрсатишга тайёр. Жорий йилда қайта ишлаш саноатидаги инвестициявий лойиҳаларни имтиёзли  молиялаштириш учун 500 миллиард тенге ажратилиши кўзда тутилган. Эҳтиёжга кўра, бу маблағ бир триллионгача кўпайтирилиши мумкин. Шу билан бирга, соҳадаги корхоналар учун рақамли технологиялар ва дастурларни жорий этиш харажатларининг 40 фоизи давлат ҳисобидан қопланади. Ишлаб чиқилган мажмуавий режага кўра, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларидаги харажатларни ҳисобдан чиқариш бир ярим марта ортади. Экспертлар фикрича, булар ҳаммаси корхоналарда инновациялар ишлаб чиқиш ва жорий этишга ёрдам беради.

Абдумалик Сарманов таржимаси