Қозоғистон ўқувчилари Францияда бўлиб ўтган гимназиадада 72 та медалга сазовор бўлди. Таълим ва фан вазирлиги берган маълумотга кўра, 28 тадан олтин ва кумуш, 16 та бронза жамғарилган. Ўқувчилар таэквондо, сузиш, енгил атлетика, дзюдо, эркин кураш, қиличбозлик, бадиий ва спорт гимнастикаси, камондан отиш, бокс, аёллар курашида ғолиб чиққан. Эслатамиз, мактаб олимпиада ўйинлари француз Нормандиясида 14-22 май кунлари бўлиб ўтди. Йирик спорт анжуманида 16-18 ёшдаги ўрта мактаблар ўқувчилари қатнашди. Таъкидлаш лозимки, Қозоғистон вакиллари бундай беллашувларда илк марта иштирок этяпти. 64 мамлакат вакиллари 17 та спорт турида ҳамда учта паралимпиада беллашувида мусобақалашди. Спорт анжуманида 250 нафар қозоғистонлик юрт шарафини ҳимоя қилди.
Ербўлат Сиздиқ, “Гимназиада-2022” ғолиби:
- Насиб этса, Олимпиадаларда, жаҳон биринчиликларида ғалаба қиламан, ватан байроғини баланд кўтараман. Хорижда беллашувларда қатнашиш, бошқа юртдаги тенгдошлари билан танишиш, тажриба тўплаш болаларни руҳлантиради.
Сағдат Садиқов, Қозоғистон Республикаси таълим ва фан вазирлиги жисмоний тарбия миллий маркази Бош директори:
- Мамлакат президенти томонидан жорий йил Болалар йили деб эълон қилинган. Мана, болалар учун улкан байрам ташкил қилинди. Қозоғистон терма жамоаси ўз маҳоратини кўрсатиш учун келди. Кўриб турганингиздек, катта ютуқларга эришдик. Юртимиз байроғини баланд кўтариш учун пешқадам учликка киришни ният қилганмиз. Бу болалар орасида бўлажак Олимпиада чемпионлари борлигига ишонаман.
Мазкур мактаб Олимпиада ўйинларида Қозоғистон делегати Нуржан Нурахметов Халқаро мактаб спорти федерацияси ижроия қўмитаси таркибига кирган. Бу эса мамлакатимиз улғайиб келаётган авлод саломатлигини мустаҳкамлашга йўналтирилган умумжаҳон ҳаракатида мавқеи мустаҳкамланганини, фаол иштирокчига айланганини кўрсатади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.