Қозоғистонлик қизлар кичик ер йўлдошларини тайёрлайди

Қозоғистонлик қизлар кичик ер йўлдошларини тайёрлайди

Қозоғистонлик ёш олимлар стратосферанинг юқори қатламларига наноерйўлдошларини йўллади. Лойиҳанинг ўзига хослиги шундаки, кичик космик жиҳозни фақат қизлардан иборат гуруҳ тайёрлаган. Улар ер йўлдошини яратиш усулларини UniSat онлайн-курслари доирасида ўзлаштирди.

Амирхан Темирбаев, ал-Форобий номли қозоғистон миллий университети инжиниринг ва илмталаб технологиялар кластери бош директори:

- Алматидан 25 ва Туркистон вилоятидан 25, жами 50 нафар иштирокчи таклиф этилди. Улар уч кунлик оффлайн-марафонда қатнашди, ўз қўли билан UniSat наноерйўлдошлари ясади, сўнг улар атмосферанинг юқори қатламларига жўнатилди. Шундан кейинги кунда қатнашчилар барча маълумотларни қайта ишлади, тақдимотини ҳимоя қилди ва тегишли сертификатга эга бўлди.

Наноерйўлдошлари ишлаб чиқишда алматилик Бибихан Асанова ҳам қатнашди. Унинг таъкидлашича, лойиҳада иштирок этиш - яхши тажриба. Эндиликда UniSat лойиҳасида мутахассис сифатида ишлаш истагида.

Бибихан Асанова, лойиҳа иштирокчиси:

- Ҳаммасини ўз қўлимиз билан ясаш мароқли. Ҳар бир йиғилган ускунада уни ясаган одамнинг имзоси бор. Ҳисобларни ўзимиз ўтказдик. Жуда қизиқарли.

Космик жиҳозлар Туркистондан учирилди. Тажрибадан мақсад – ҳаво таркибида одам учун зарарли микрозаррачалар миқдорини аниқлаш. Таъкидлаш лозимки, UniSat лойиҳаси икки йил аввал иш бошлаган. Ҳозир унда яқин хориждаги уч мамлакат қизлари қатнашади. Лойиҳанинг бош мақсади – космосга тўлақонли ер йўлдоши юбориш. Энг иқтидорли муҳандис қизлар олдига бугунги кунда шундай масъулиятли вазифа қўйилган.

Абдумалик Сарманов таржимаси