Қозоғистонда онкологияга қарши дори ишлаб чиқариляпти

Қозоғистонда онкологияга қарши дори ишлаб чиқариляпти

Учинчи радиофармацевтик препарат – углерод-метионин август ойидан бошлаб Қозоғистондаги беморлар учун ишлатилади. У онкокасалликларга чалинганларнинг қанчалик самарали даволанаётганини кузатиш имконини беради. 2022 йил декабридан ядро тиббиёти маркази хавфли ўсимталарнинг 60 фоизини аниқлай олувчи универсал медикамент ишлаб чиқара бошлаганди. 2023 йил мартидан бошлаб бу ерда суяк метастазаларини аниқловчи восита чиқариш йўлга қўйилди.

Мақсат Жайимбаев, радиоизотоп ташхиси врачи:

– Радиофармпрепарат - углерод-метионин бош мия ўсимталари ҳажмини эрта аниқлаш бўйича ноинвазив усулларнинг энг аниғи ҳисобланади. Бу дори томография ўтказилаётганида бемор вужудига киритилади.

Айгуль Садуақасова, Қозоғистон Республикаси Президент иш бошқармаси тиббиёт маркази ядро тиббиёти маркази раҳбари:

- Бу углерод-метиониннинг яратилиши сабаби шундаки, амалиётдан кейин ўсманинг бирор қисми қолиб кетган-кетмаганини аниқлаш жуда қийин. МРТ усули ҳамиша ҳам аниқ жавоб бера олмайди. Қозоғистонда эса ҳозирча фақат ана шу усул мавжуд эди. Углерод-метионин эса анча аниқроқ жавоб беради. У амалиётдан кейин организмда тўпланмайди, қисқа вақтда чиқиб кетади. Фақат ўсма жойлашган жойда туриб олади. Бу эса жарроҳлик усулида даволашнинг қанчалик самарали кечганини кўрсатади. Бугунги кунгача бу усул Қозоғистонда бўлмаган, яъни даволанишни истовчилар чет элга боришига тўғри келарди. Яъни, харажатларни ўз ҳисобидан тўлаши зарур бўларди. Энди эса кафолатланган бепул тиббий ёрдам доирасида бу ишлар амалга оширилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси