Астерикс ва Обеликс Қозоғистонга йўл олади. Францияда машҳур француз комиксининг янги альбоми мухлисларга тақдим этилди. Унда дўстларнинг Марказий Осиёдаги саргузаштлари ҳикоя қилинади. Сценарийга кўра, янги авантюра сюжети кўчманчи қабила тотеми – грифон ахтаришга асосланган. Галллар ғаройиб ва ваҳимали жондорни топиш учун шарққа қараб юришади ва қадимий кўчманчи халқ – сарматлар изига тушишади. Қор босган йўлларни қаҳрамонлар отлиқ босиб ўтади. Саргузаштлардан ташқари, китобда муаллифлар номадлар ҳаёт тарзи ҳақида ҳам маълумот берган. Ноширларнинг таъкидлашича, сценарий муаллифи тарихий манбаларни ўрганишга жуда кўп вақтини сарфлаган.
Селест Сюрюг, Albert Rene нашр уйи директори:
- Бу ғоя қаҳрамонларни афсонавий махлуқ – грифонни топиб келишга йўлламоқчи бўлган сценарий муаллифида туғилди. Экспедицияни ёввойи қор қоплаган далалар орқали ҳаракатлантиришни истади. У харитага қаради ва саргузаштлар сарматлар давлатида юз беришини белгилади. Бу эса тарихий ҳақиқатга тўғри келади. Чунки антик грек тарихчилари грифонлар шу ўлкада яшашини ёзган.
Гиллем Де Ла Броссе, китоб магазини харидори:
- Жуда кутилмаган воқеалар, воқеалар бу китобларда аввал тилга олинмаган мамлакатда юз беради. Янги саргузаштлар мени лол қолдиришини кутаман, янги пейзажлар, янги мамлакатни кўришни истайман. Жуда қаттиқ кутяпман, қойил қолишимни олдиндан сезяпман.
Абдумалик Сарманов таржимаси