Қозоғистон чет элликлар қалбини забт этмоқда. Хорижлик меҳмонларни Буюк дашт мамлакатининг маданияти ва анъаналари ўзига шу қадар жалб этадики, улар ўз тақдирини шу юрт билан боғлашга қарор қилади. Мексикалик Сандра Реал ўлкамизнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида бутун дунёга ҳикоя қилишга интилади. У тўрт йилдан бери Нур-Султонда яшайди. 10 ёшидан бошлаб шу ерга келишни орзу қилган, ўша пайтда илк маротаба Қозоғистон ҳақида ўқиган, олмалар ва оқ қорли тоғлар суратини томоша қилган. Сандра магистратурани Назарбоев университетида тамомлаган, сўнг ишлаш учун шу ерда қолди. Айтишича, мамлакатни тарк этгиси йўқ. Қолаверса, миллий ичимлик - қимизни жаҳонга машҳур қилиш истагида.
Сандра Реал, Мексика фуқароси:
- Бу саломатлик тимсоли, маданият рамзи. Адабиётларда қимиз шифо сифатида берилган. Силни тузатишда ёрдам беради. Қозоғистоннинг асосий қадрияти шуки, одамлари меҳмондўст. Шаҳар жуда қизиқарли. Чунки бу ерда контраст мавжуд. Ўта замонавий бинолар, дашт ҳам бу ерга яқин. Бу юртда турфа контраст мўл. Дашт бор, дов-дарахтлар, тоғлар. Жуда чиройли жойлар.
Мексикалик яна қозоқ тилининг оҳангдорлигини хуш кўради. Уни ўрганиш билан бирга онлайн-курс ташкил қилган. Шу орқали мексикалик ҳамюртларига қозоқ тилини ўргатади. Уларни эса тил ўрганишга Димаш Қудайберген ижодига бўлган муҳаббат ундамоқда.
Бразилиялик Роберто Сантос Қозоғистонда 8 йилдан бери истиқомат қилади. У ҳам бу ердан кетиш ниятида эмас. Айтишича, пойтахт иқлими унинг дидига жуда мос келади.
Роберто Сантос, Бразилия фуқароси:
- Ёзни хушламайман. Рост. Агар иложи бўлганида, бутун йил бўйи қиш ҳукм суришини истардим. Тугмачани босиб, ёз ёки қишни танлаш керак бўлса, қиш, дердим. Доимо. Шу ерда яшайман, чунки яхши жой, кейинчалик ҳам шундай бўлади. 10-15 йилдан кейин Бразилияга кетаман, деб ўйламайман. Балки бир-икки ҳафта ёки бир ойга борарман, лекин дарров соғинаман, қайтгим келади. Шу боис, бу ердан кетиш мўлжалим йўқ.
Роберто Сантос — кўп йиллик стажга эга ошпаз. Қозоғистонга келишидан олдин кўплаб давлатларда, хусусан, Канада, АҚШ ва Россияда яшаган. Кейин шу ерда қолишга қарор қилган. Ўз ресторанини очиб, оила тебратмоқда.
Худди Сандра каби у ҳам юртимиз ҳаётининг афзал жиҳатлари қозоғистонликларнинг меҳмондўстлиги, ғамхўр ва кўнгилчанлигида деб билади. Бу эса мамлакатда ўзига хос муҳит яратади.
Абдумалик Сарманов таржимаси