Слэклайнер Яан Роосе - Бўсжира дарасида

Слэклайнер Яан Роосе - Бўсжира дарасида

Эстониялик слэклайнер Яан Роосе машҳур Бўзжира дарасининг икки томонидаги харсангтошларга маҳкамланган пўлат арқон орқали ўтишга муваффақ бўлди. Атлет ер юзасидан 200 метр баландликда, тортилган арқон орқали анча кучли шамолга қарамай, ярим километрли масофани босиб ўтди. Манғишлақ яриморолида жойлашган оқ қоялар экстремал саёҳат учун мукаммал жой эканлиги исботланди. Ушбу ҳудуднинг янги қирраларини тасвирлаш учун суратга олиш гуруҳи беш кун ишлади. Мухбиримиз Айгерим Акимжанова ҳикоя қилади.

Устюрт платосида табиат ижодининг беназир мўъжизаси – Бўзжира дараси бор, Манғистау вилоятининг ғарбида жойлашган. Бениҳоя гўзаллиги билан лол қолдирувчи бу ҳудудни йилига дунёнинг турли қисмларидан келган ўн минглаб сайёҳ томоша қилади. Лекин шу кунгача Бўзжира ҳеч кимга бош эгмаган.

ЯАН РООСЕ, СЛЭКЛАЙНЕР / ЭСТОНИЯ/:

- Бордик, жуда ажойиб жой экан. Ҳамманинг кўзи яшнаб кетди. Қандай ишлашни ўйладик, режалаштирдик. Узоқ тайёрландик. Мақсадга эришиш учун бутун бошли тизим ишлаб чиқилиши керак эди. Билишимча, мазкур ускуна биринчи марта қўлланиши. Бундай узунликда аввал бўлмаган. Тоғнинг қир учига етиб бориш осон эмас, балки бу жойга сўнгги марта миллион йиллар аввал денгиз жониворлари чиққандир. Турли тошга айланган қолдиқлар ҳалигача учрайди. Биз юқорига қараб юрдик. Йўлимиз қадимий уммон тубидан ўтди.

Яан Роосе – уч марта жаҳон чемпиони, кўплаб жаҳон рекордлари муаллифи. Дунёнинг кўплаб чўққиларини забт этиб улгурган. Лекин Манғистау вилоятининг қаҳри қаттиқ табиий шароити спортчини ҳам, унинг жамоасини ҳам шошириб қўйди, улардан улкан сабот, синчиклаб режа тузиш ва сабр талаб қилинди.

ЯАН РООСЕ, СЛЭКЛАЙНЕР / ЭСТОНИЯ/:

- Энг бошидан ҳамма иш режадагидек кетмади. Аслида ҳар бир ҳаракатимиз режадагидан кўпроқ вақт, уриниш талаб қилди. Сўнгра арқон ўрнатилди, бу ишни кечаси, фонарлар ёруғида якунлаб олдик. Бунинг устига қаттиқ шамол эсарди. Бу ишни эплай оламизми, йўқми, деб иккиланган пайтларимиз бўлди. 500 метр масофани босиб ўта олганимдан мамнунман. Кетаётганимизда ҳаммасини аввалги ҳолига келтирдик.

Жамоа ускунани ўрнатишда экологик ёндашди. Арқоннинг бир томонига тош тўлдирилган қоп осилди. Иккинчиси эса тоғ тепасидаги тошларга ўраб, маҳкамланди. Суратга олиш ишлари 50 даража иссиқ ва қаттиқ шамол остида давом этди.

ТАЛҒАТ АМАНБАЕВ, «KAZAKH TORISM» МИЛЛИЙ КОМПАНИЯСИ» ҲЖ БОШҚАРУВ РАИСИ:

- Ролик июнда суратга олиниб, фақат энди эълон қилингани  - алоҳида ҳикоя. Воқеалар ҳақидаги фильм суратга олиш ишлари қандай кечганини ҳам кўрсатади. Фильм ҳақидаги фильмда эса шундай шиор бор: «Суратга олиш ишларида бирорта тош жароҳатланмади». Бу бизга жуда ёқди. Қозоғистонликларга ҳам маъқул келади, деб ўйлайман. Табиатни авайлаш  эталон бўлиши керак.  

Бўзжира дараси – Манғистау вилоятидаги сайёҳлар энг кўп келадиган локациялардан бири. Минтақа эса Қозоғистоннинг истиқболли ўнталигига киради. Сўнгги икки йилда бу ерга ярим миллиондан зиёд одам келган. 

Абдумалик Сарманов таржимаси