Қозоғистон Каспий денгизини сақлаб қолишга чақирди

Қозоғистон Каспий денгизини сақлаб қолишга чақирди

Қозоғистон глобал иқлим кун тартибига содиқ. Мамлакат ўз олдига катта мақсад қўйган – 2060 йилгача углерод нейтраллигига эришмоқчи. Бугун Қосим-Жўмарт Тўқаев СОР 29 доирасида ўтказилаётган Бутунжаҳон иқлим  саммитида шундай баёнот берди. Давлат раҳбари пленар сессияда биринчи бўлиб сўзга чиқди ва иқлим ўзгаришларига қарши курашда дунё ҳамжамиятининг биргаликда иш юритиши ниҳоятда муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, олдиндан кўрсатилган тартибда молиялаш ва замонавий технологиялар жуда муҳим. Айни вақтда, иқлим ўзгаришларига бардошли бўлмаган минтақаларга, шу жумладан, денгизга чиқолмайдиган ривожланаётган давлатларга алоҳида эътибор қаратиш керак 

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:  

Марказий Осиё мамлакатларига глобал чиқиндиларнинг атиги 1 фоизи тўғри келса ҳам, минтақа кўп сонли иқлим таҳликаларига дуч келяпти. Иқлим ўзгаришларига самарали қарши тура олиш учун биз сунъий интеллект, ер йўлдошларидан кузатиш каби янги технологиялардан, шунингдек, турли фалокатлардан огоҳлантирувчи, сув ва ер захираларидан самарали фойдаланишни таъминловчи рақамли ечимлардан фаол фойдаланишимиз зарур. 

Сайёрадаги иқлим ўзгаришлари суръати хавотир уйғотаяпти. Глобал сув айланишига таъсир яққол сезилиб турибди. Сўнгги вақтларда юз берган табиий фожиаларнинг 80 фоизи шунга боғлиқ. Қозоғистон ҳам тошқинлар билан тўқнашди, дея таъкидлади Қосим-Жўмарт Тўқаев. Ҳозир мамлакатда таваккалларни бошқаришнинг мажмуавий тизими жорий этиляпти. 

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:  

 Сув кун тартибини долзарб нуқтага қўйиш учун жорий йилнинг декабрида Қозоғистон Франция билан бирга One Water Summit ўтказади. Форум иштирокчилари сув захираларидан глобал даражада бошқариш масаласини кўриб чиқади. Ҳозир Каспий денгизи хавф остида. Дунёдаги энг катта кўлни сақлаб қолиш барчамизнинг узоқ муддатли халқаро ҳамкорликни талаб қилувчи вазифамиз. Биз Президент Илҳом Алиевнинг Каспийбўйи давлатлари экспертлари гуруҳини яратиш ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз. Шу билан бирга, Қозоғистон Орол денгизини сақлаб қолиш борасида ҳам аниқ қадамлар ташлаяпти. 

Бугун инсоният учун углерод изини қисқартириш ўта муҳим. Барқарор қишлоқ хўжалигига кўчиш бу ишда ёрдам бера олади. Бунда 200 миллион гектар қишглоқ хўжалиги далаларига эга Қозоғистоннинг имкониятлари  катта. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, мамлакатимиз «углеродли зироатчилик»ни жорий этиш учун аъло майдонча вазифасини ўтай олади. Бу усуллар газлар чиқишини камайтиради ва ер сифатини оширади. Президент барча манфаатдор томонларни Қозоғистон имкониятларини ўрганишга чақирди. Республика таклифлари шу билан чекланмайди. Мамлакат жаҳон бозорига ураннинг 43 фоизини етказиб берувчи сифатида кам углеродли ядро энергетикасида ҳам катта ўрин тутиши мумкин. 

Абдумалик Сарманов таржимаси.