Атирау вилоятида тошқинларнинг иккинчи тўлқини келиши прогноз қилинди. Бугун вилоят маркази ва минтақанинг табиий офат хуружига қанчалик туриб бера олишини баҳолаш учун Қозоғистон Бош вазири етиб келди. Ўлжас Бектенов шаҳардаги уй-жой массивларини муҳофаза этиш учун амалга оширилган соҳилларни мустаҳкамлаш ишларини, шунингдек, Ёйиқ дарёсининг ўзанини чуқурлаштириш ишларини текширди. Умуман олганда, Атирау вилоятида фалокат олдини олишга қаратилган асосий ишлар якунига етказилди. 480 километр масофага тўғонлар қурилди. Шунга қарамай Бош вазир кучларни сафардар қилиш, вазият барқарорлашган вилоятлардан техника ва аскарларни олиб келишни топширди. Таъкидлаш лозимки, мамлакат ғарбида вазият оғирлашишининг бир қанча сабаблари бор: Россиядаги Ириклинск сув омбори, шунингдек, қор жадал эриши сабабли Ёйиқ дарёсининг йирик ирмоқларидан чиққан сув оқими тошқинларга сабаб бўлиши мумкин. Аввал маълум қилингани каби, Ғарбий Қозоғистон вилоятидан келиши ҳисобига дарё сатҳи 6 сантиметрга, тошқинлар бошланганидан буён 227 сантиметрга кўтарилди.
Руслан Жумағазиев, Атирау вилояти тезкор штаби расмий вакили:
- Ҳозир Атирау вилоятида соҳилларини мустаҳкамлаш ишлари давом этяпти. Минтақада жами 520 километр узунликдаги тўғонлар қурилиши режалаштирилган. Шундан 482 километрида қурилиш якунланган. Шу кунгача мўлжалланган иш ҳажмининг жами 92 фоизи бажарилди. 16 минг ходим бу йўналишда меҳнат қиляпти. Урал – Каспий канали мансабида, Ёйиқ дарёсининг Каспийга қуйилиш жойида канал таги чуқурлаштириляпти. Бу эса сувнинг денгизга тезроқ қуйилишига имконият туғдиради.
Абдумалик Сарманов таржимаси