Қозоғистон ишланмаси АҚШ бозорига чиқди

Қозоғистон ишланмаси АҚШ бозорига чиқди

Қозоғистоннинг яна битта ишланмаси халқаро бозорга чиқди. Алматилик ёш тадбиркор Бағлан Ўлжабаев ва унинг жамоаси тайёрлаган мобиль илова АҚШда қизиқиш уйғотди. Лойиҳа муаллифлари фикрича, бу онлайн-майдонча автомобиль эгалари ҳамда усталари учун мўлжалланган. Йўлларда юз берган ҳар қандай муаммони ҳал қилишда ёрдам беради. Масалан, тешилган шинани алмаштириш, эвакуатор ёки электромеханик чақиришда қўл келади.

Бағлан Ўлжабаев, мобиль илова муаллифи:

- Ҳозирда мақсадларимизга эришиш учун катта иш олиб бориляпти. Август ойи охиригача маҳсулотни сотишга киришиш керак. Булар юзасидан иш давом эттириляпти. Калифорния ёки Техас штатидан бошламоқчимиз. Лос-Анжелесга эътибор катта.

Жамоа бу иловани 2017-2020 йиллар давомида ишлаб чиққан. Қўшимча функциялар билан бойитиш режалаштириляпти. Шулардан бири – воқеа жойига видеомаслаҳат узатиш. Автомобиль эгалари трассанинг ўзида турган ҳолда, усталар маслаҳатига асосланиб, «темир тулпор»ини таъмирлай олади. Жиддий муаммо юз бермаган бўлса, албатта.

Бағлан Ўлжабаев, мобиль илова муаллифи:

- Мобиль иловани босасиз, бош саҳифанинг юқори қисмида сторис очилади, сторисни босасиз, таъмирлаш хизмати нархи очилади, суратга оласиз, 30 секундли видео олиб, усталаримизга юборасиз. Улар сизга қанча вақтда тайёрлаб беришларини айтишади. Қуйида қаерда бўлганингизда ҳам устани чақириш имконини берадиган тугмача мавжуд. Уста бўлмаган фойдаланувчи ҳам мобиль илова ёрдамида даромад топиши мумкин. Бензин етказиб бериши, аккумуляторга қувват бериши, спиртли ичимлик ичмаган ҳайдовчи вазифасини бажариши, автоконсъерж бўлиши мумкин. Транспорти борлар курьерлик қила олади. Эвакуатор мавжуд бўлса – ташиб келтириш мумкин.

Таъкидлаш лозимки, шу кунгача мобиль илова фойдаланувчилари сони 6 минг, усталар сони 800 тага етди.

 

 

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.