Қозоғистон инвестиция оқимини кенгайтиряпти

Қозоғистон инвестиция оқимини кенгайтиряпти

Ўтган йили Қозоғистон 20 миллиард доллардан зиёд сармоя жалб қилди. Мамлакат иқтисодиётга капитал оқимини кўпайтиришни давом эттиради. Бош вазир Жаҳон банки экспертлари билан учрашувда бу йўналишдаги чора-тадбирларини муҳокама қилди. Ўлжас Бектенов Президент иқтисодиётни диверсификация қилиш суръатларини ошириш, тадбиркорлик муҳитини янада яхшилашга устувор аҳамият қаратаётганини таъкидлади. Халқаро молия ташкилоти вакилларига чет эллардан сармоя жалб қилиш учун ташқи контурни кучайтиришдан, мамлакат ичидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш самарадорлигини оширишгача бўлган жиҳатларни ўз ичига олган инвесторлар билан ўзаро ҳамкорликнинг яхлит архитектураси яратилганини маълум қилди. Бундан ташқари, бизнес учун шароит яратиш мақсадида махсус "Олтин виза" жорий этилди. Ўз навбатида, учрашув иштирокчилари жаҳон тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда хорижий инвестиция оқимини кўпайтириш бўйича таклифлар берди. Меҳнат унумдорлигига инновацияларни жорий этиш, самарадорликни ошириш, лойиҳаларга хусусий капитал жалб этиш лозимлиги таъкидланди. Учрашув давомида юқори даромадли иқтисодга ўтиш, инфратузилмаларни ривожлантириш, рақамлаштириш ва СИ каби стратегик масалалар бўйича фикр алмашилди.

Абдумалик Сарманов таржимаси