2025 йил якунига кўра, Қозоғистон
иқтисодиёти 6,5 фоизга ўсди. Бир йил аввал бу кўрсаткич 5 фоизни ташкил
этганди. Бундаги асосий драйверлар қаторига транспорт тармоғи, қурилиш, тоғ-кон
саноати ва савдо киради. Молия вазири Мади Тақиев Мажилис ялпи мажлисида
депутатларга Ҳукуматнинг республика бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботини
тақдим этди. Бу даврда, тушумлар 21 триллион тенгедан ортиқни ташкил этди,
республика бюджетининг даромадлари 17,5 фоизга кўпайди, жами 15 триллион
тенгедан ошди. Иқтисодиётни кенгайтириш, солиқ тушумларини кўпайтириш, бошқарув
самарадорлигини ошириш орқали бунга эришилди. Бюджет харажатлари 25,5 триллион
тенгени ташкил этди, Ҳукуматнинг барча ижтимоий мажбуриятлари бажарилди.
Ҳудудларни қўллаб-қувватлашга 7 ярим триллион тенгедан кўпроқ, ижтимоий соҳага
9 триллион тенгедан зиёд маблағ йўналтирилди. Мади Тақиев нафақат миқдорий
кўрсаткичларга, балки барқарор ривожланиш учун узоқ муддатли шарт-шароитлар
яратишга ҳам эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Хусусан, инфратузилмани модернизация
қилиш давом этяпти, мамлакатнинг транзит имкониятлари кенгаймоқда, янги ишлаб
чиқариш ва рақамли лойиҳалар ишга тушириляпти.
Мади
Тақиев, Қозоғистон Республикаси Молия вазири:
- Муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш ишлари давом эттирилди. 980,5 километрга муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ўтказилди. 6,3 минг километр сув таъминоти ва канализация тармоқлари қурилди ва таъмирланди. Транспорт инфратузилмасига катта маблағ йўналтирилди. 13 минг километрга яқин автомобиль йўллари, шу жумладан 9 минг километр республика, 4 минг километр маҳаллий аҳамиятга молик йўлларда иш олиб борилди. 2025 йилда аграр соҳага алоҳида эътибор қаратилди, унга 1,1 триллион тенге йўналтирилди, бу эса 2024 йилдагига нисбатан 172 миллиард тенгега кўп.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

