«Қозоғистон - хорижий ОАВ нигоҳида» танлови якунланди

Астанада   9-«Қозоғистон хорижий оммавий ахборот воситалари нигоҳида» танлови ғолиблари аниқланди. Республика Ташқи ишлар вазирлигида мукофотлаш маросими бўлиб ўтди. Озарбайжон, Бразилия, Миср, Испания, Италия, Қирғизистон, Россия ва Япония журналистлари иши юқори баҳоланди. 

Милтон Атаназио, журналист, Бразилия:

– Биз Бразилия халқаро муносабатлар соҳаси журналистлари ҳамжамиятиданмиз. Ғалабадан мамнунмиз. Бу биз учун халқаро даражадаги эътироф дегани, айни вақтда, ҳамжамият этикасига, тамойилларига риоя қилаётганимиз далили. Қозоғистон ва Бразилия ўртасида икки томонлама яқин алоқалар ўрнатилган, улар кун сайин ривожланиб боряпти. Ташқи савдо ва дипломатик алоқалар мустаҳкамланмоқда. Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларига таклиф этилганимиз учун миннатдорчилик билдиришни истардим. 

Даниэла Брикка, журналист, Италия:

– Бу – мамлакатингизга иккинчи ташрифим. Қозоғистон   табиий контрастлар, чиройли тоғ пейзажлари ва ғаройиб каньонлар юрти сифатида қизиқарли. Бу ерда кўпроқ қолишни истардим. Мукофот учун катта раҳмат, мамнун бўлдим.

Танловда қатнашиш учун 30 давлатдан 80 нафар оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар мурожаат этди. Улар Қозоғистоннинг тарихи, маданияти, таълим тизими, туризми ва миллий ошхонасидан тортиб, инвестициявий салоҳияти ва халқаро муносабатларигача бўлган турли йўналишларни ёритди. Ҳакамлар 8 номинация бўйича ғолибларни аниқлади.

Фатма Бадауи, журналист, Миср:

– Бу менинг Қозоғистонга учинчи марта келишим. Мақолам Яқин Шарқ ва Африка давлатлари журналистлари ишлари ичида энг яхшиси сифатида тан олинганидан бахтлиман. Бу мамлакат ҳақидаги мақолаларимни Қозоғистоннинг Мисрдаги элчихонаси Facebookдаги расмий саҳифасида берди. Қозоғистон  Кўчманчилар ўйинларини муваффақиятли ўтказишига ишонаман. 

Анъанага кўра, танлов ғолиблари мамлакат пойтахти ва машҳур туристик йўналишлар - Алмати ва Манғистау вилоятларига йўлланма олади. Шу билан бирга, уларнинг ҳаммаси V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларига таклиф этилди.

Абдумалик Сарманов таржимаси.