Сенат хизматлар экспорти бўйича қонунни маъқуллади

Сенат хизматлар экспорти бўйича қонунни маъқуллади

МДҲ давлатлари ўзаро савдо ва инвестициялар кўламини ошириш ниятида. Сенат бу борада тайёрланган қонунни маъқуллади. Қозоғистоннинг Россия, Қирғизистон, Арманистон ва Беларусга хизматлар экспорт қилиши шартлари Евроосиё Иқтисодий иттифоқи доирасида тартибга келтирилган. Тожикистон билан Жаҳон савдо ташкилоти доирасида ҳамкорлик қилиняпти. Ўзбекистон юқоридаги ташкилотларга аъзо эмас. Шу сабабли ундаги шарт-шароитлар ҳисобга олинган ҳолда, келишувга келинган. Таъкидлаш лозимки, Қозоғистон маҳсулотлари Ўзбекистонда харидорини топмоқда. Ўтган йилнинг ўзида икки давлат ўртасида хизматларнинг умумий ҳажми 900 миллион доллардан ошди. Унинг ярмидан кўпроғини Қозоғистон экспорти ташкил қилади.

Серик Шайдаров, Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати депутати:

- Ўзбекистон шартнома доирасида ҳуқуқ, солиқ, бухгалтерия, меъморчилик, муҳандислик, IT хизматлари, туризм ва бошқа бир қанча соҳалардаги 54 турдаги хизмат кўрсатиш шартларини енгиллаштиради. Бу эса Қозоғистон компанияларининг ўзбек бозорига чиқишини осонлаштиради. Битимнинг мақсади томонлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, қозоғистонлик хизматлар экспортчилари учун ҳамкорлар бозорига кириш имконини очиш, Қозоғистон капитали иштирокида корхоналар ташкил этиш ҳамда сармояларни жалб қилиш ва ўзаро инвестицияларни ҳимоя қилиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратишдан иборат.

Абдумалик Сарманов таржимаси