Франциялик инвестор Павлодар нефть-химия заводида водород ишлаб чиқарувчи ускуналарни қўяди. Карбон чиқиндиларини камайтиришга йўналтирилган
лойиҳа қиймати - 90 миллион евро. Шунингдек, икки давлат ІТ компаниялари булутли майдонча яратиш ва сунъий идрокни
ривожлантириш бўйича келишиб олди. Астанада бўлиб ўтган Қозоғистон - Франция инвестициявий форумида 15 та ҳужжат имзоланди. Икки давлат ўртасида сўнгги йилларда алоқалар фаол
ривожланяпти. Франциянинг Марказий Осиё
давлатлари билан юритаётган маҳсулот алмашинувининг 80 фоизи Қозоғистон билан боғлиқ. Ўтган йилнинг ўзида товар алмашинуви 30 фоизга кўпайди ва 5 ярим миллиард долларга етди. Бу рекорд кўрсаткичга экспорт ўсиши ҳисобига эришилди. Мамлакатдаги француз
инвестициялари ҳажми 20 миллиард долларга яқинлашди. Ўтган йилнинг ўзида Европа давлатидан мамлакатимизга 843 миллион доллар келди. Томонлар бу кўрсаткичларни янада ошириш ниятида.
Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:
- Биз Европани Осиё билан боғловчи транскаспий халқаро транспорт
йўналишини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни чуқурлаштиришимиз зарур. Қозоғистон француз университетлари билан ҳам узоқ муддатли ҳамкорлик ўрнатиш ниятида. Шу жумладан, ноёб металлар, қишлоқ хўжалиги, гидрология, геодезия, геофизика ва энергетика соҳаларида қўшма лойиҳалар устида иш олиб бориляпти. Сув менежменти, фармацевтика, туризм ҳамда
сунъий идрок бўйича ҳам алоқалар кенгаяди. Ҳозир бу йўналишларда етакчи француз компаниялари билан
музокаралар олиб бориляпти.
Лоран Сен-Мартен, Франция Республикасининг
Ташқи савдо ва хориждаги француз фуқаролари масалалари бўйича ваколатли вазири:
- Ҳамкорлигимиз фаол ривожланяпти. Чунки Франция ва Қозоғистон ўртасидаги алоқаларни диверсификациялаш зарурати яққол кўриниб турибди. Бугунги кунда мамлакатлар
ўртасида стратегик
ҳамкорлик мавжуд. Президентларимиз Тўқаев ва Макрон ўтган йили шундай ҳужжатни имзолади. Ушбу форумда ана шу ҳамкорликни аниқ ишларга кўчира бошладик, дея
оламан. Бизнесменлар келишувларга эришишди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

