Қозоғистон ва Литва савдо-иқтисодий шериклик ҳамда инвестициявий ҳамкорлик йўлидан боряпти. Икки давлат ташқи ишлар вазирлари Мухтар Тлеуберди ва Габриэлюс Ландсбергис Астанада бўлиб ўтган музокаралардан сўнг шундай баёнот берди. Томонлар давлатлар Транскаспий халқаро транспорт йўналиши ва Клайпеда порти имкониятларидан фойдаланган ҳолда логистика йўлларини диверсификациялашга катта эътибор бераётганини таъкидлади. Ўзаро савдодаги катта ўзгаришларга эътибор қаратишди. 9 ой ичида бу кўрсаткич икки марта ўсган ва беш юз миллион долларга етган. Шунингдек, Қозоғистон ва Литва турли соҳаларда қўшма инвестициявий лойиҳаларни рўёбга чиқаришда давом этяпти.
МУХТАР ТЛЕУБЕРДИ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРИ:
- Шу кунларда Қозоғистон бозорида 170 Литва компанияси ишлаяпти. Ўз навбатида, Литвада Қозоғистон иштирокида очилган ўнлаб компания фаолият юритяпти. Учувчилар тайёрлаш, электроника ва тиббий ускуналар ишлаб чиқариш, ишлатилган мотор мойини қайта ишлаш ва бошқа соҳаларда қўшма инвестициявий лойиҳалар амалга ошяпти.
ГАБРИЭЛЮС ЛАНДСБЕРГИС, ЛИТВА ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРИ:
- Литва ахборот-коммуникация технологиялари, рақамлаштириш, «яшил» ва қайта тикланувчи энергетика соҳаларидаги ўз тажрибасини баҳам кўришга тайёр. Мамлакат бу соҳаларда халқаро даражада тан олинган муваффақиятларга эга. Мен билан бирга келган литвалик бизнесменлар катта делегацияси қозоғистонлик ҳамкорлар билан алоқаларни ривожлантиришга қизиқиш билдиряпти. Буларнинг ҳаммаси Қозоғистонда табиий захиралар кўплиги ва унинг географик жойлашуви билан боғлиқ.
Абдумалик Сарманов таржимаси