Қозоғистон Евроосиёда энг йирик рақамли хаблардан бирига айланади

Қозоғистон Евроосиёда энг йирик рақамли хаблардан бирига айланади

62 та давлат Марказий Осиёда барқарор тараққиётга эришиш учун республикада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти рақамли ечимлар марказини яратиш таклифини бир овоздан қўллаб-қувватлади. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Астанада бўлиб ўтган Хорижий инвесторлар кенгашининг 35-пленар йиғилишида шундай баёнот берди. Прогнозларга кўра, келгуси 10 йил ичида жаҳондаги товар ва хизматларнинг 70 фоизи рақамли технологиялар ёрдамида ишлаб чиқарилади. Мамлакат IТ-мутахассислари ҳам замонавий трендларга мувофиқ ишлаяпти. Рақамли интеллект индексига кўра, Қозоғистон рақамлаштириш бўйича 20-ўринда турибди. Давлат раҳбари таъкидлашича, иқтисодий ривожланишда фақат рақамлар эмас, сифатга ҳам эътибор зарур. Асосий мақсад – рақамли иқтисодиётга ўтиш.

Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- 2022 йилда Қозоғистонни рақамлаштириш 12 фоизга ортди, халқаро бозорларда рақамли маҳсулотларимиз рақобатбардошлиги яхшиланди. Ўтган йили IT-маҳсулотлар экспорти 5 марта ортди ва 333 миллион долларга етди. Яқин келажакда, 2025 йилгача, бу кўрсаткични 500 миллион долларга етказиш ниятидамиз. Ва ушбу йўналишда ҳаракатни давом эттирмоқчимиз.

Хорижий инвесторлар кенгаши йиғилишидан сўнг Қозоғистон президенти қатор халқаро молия ташкилотлари ва йирик компаниялар раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Нефть-газ соҳасидаги муҳим лойиҳаларни рўёбга чиқариш, «мусаффо» энергия чиқаришни молиялаштириш, ҳамкорлик стратегияси ва узоқ муддатли инвестиция масалалари муҳокама қилинди.

Абдумалик Сарманов таржимаси