Қозоғистон дипломатик хизмати 30 ёшда

Қозоғистон дипломатик хизмати 30 ёшда

Мувозанатланган ва кўп векторли. Қозоғистон дипломатияси 30 йиллигини нишонлаяпти. Ўтган давр мобайнида мамлакат ташқи сиёсати муваффақиятли эканлигини кўрсатди, барқарор тараққиёт йўлини таъминлади. Қозоғистон глобал халқаро муносабатларнинг масъулиятли иштирокчиси сифатида ўзини кўрсата олди. Натижада, 186 мамлакат билан дипломатик алоқалар ўрнатилди, республика 50дан зиёд халқаро ташкилотнинг тўлақонли аъзоси. Бугун пойтахтда бўлиб ўтган давра суҳбатида ўттиз йилдан буён миллий манфаатларни муҳофаза этиб келаётган хизмат ва унинг ютуқлари ҳақида гапирилди. Тадбирда республикада аккредитацияланган хорижий дипломатик идоралар ва миссиялар, қатор вазирликлар вакиллари, халқаро экспертлар қатнашди. Мамлакат дипломатияси пойдеворини яратган арбоблар тадбирнинг фахрий меҳмони бўлди.

Тўлеутай Сулейменов, Қозоғистон Республикасининг биринчи ташқи ишлар вазири:

- 30 – тарих нуқтаи-назаридан қараганда қисқа муддат, лекин Қозоғистон Республикаси бу давр мобайнида кўп нарсага улгурди. Ташқи ишлар вазирлиги элчихоналари, ваколатхоналари тармоғига эга кучли ташкилотга айланди. Жаҳоннинг 60 дан зиёд давлатида дипломатлар ишлаяпти. Биз БМТга тўлақонли аъзо бўлдик, Қозоғистон кўплаб халқаро тадбирлар марказига айланди.

Қозоғистон ташқи сиёсатида юз берган воқеалар мавзуга оид кўргазмада тақдим этилган экспонатлара акс этган. Улар қаторида архив ҳужжатлари ва фотографиялар, турли йилларда мамлакат раҳбариятига совға қилинган қимматли дипломатик совғалар бор. Хорижий делегациялар келтирган китоблар, сувенирлар, идишлар ва бошқа кумуш, олтин, ёғоч, чиннидан тайёрланган декоратив буюмлар томошабин эътиборига тақдим этилган.

Динара Жайсенбаева, Қозоғистон Республикаси биринчи президенти – элбоши кутубхонаси катта эксперти:

- Дипломатик ҳадяларнинг муҳимлиги шундаки, бу нарса алоҳида санъат даражасига етган. Президентлар маълум бир буюмларни совға қилар экан, ўзаро ҳурматини, халққа, давлатга эҳтиромини билдиради. Кўргазма Қозоғистон Республикаси Президенти архиви билан ҳамкорликда тайёрланди. Экспозиция бир неча ой намойиш қилинади.

Абдумалик Сарманов таржимаси