Қозоғистонда 150 мингга яқин бола спорт секциялари ва ижодий тўгаракларда бепул шуғулланиш имконига эга бўлди. Бунга жон бошига қараб молиялаштириш лойиҳаси туфайли эришилди. Дастур жорий йил май ойидан ишга туширилган. Спортга тахминан 7 миллиард тенге йўналтирилган, яна 5 миллиардга яқин маблағ болалар ижоди ва қобилиятларини ривожлантиришга сарфланган.
Ғалимжан Абдиқадиров, тарбияланувчи:
- Бепул спорт тўгараги ҳақида инстаграмдан билдим. Рекламани кўрдим ва келдим. Энди доимий қатнаяпман.
Данияр Алимусинов, тренер:
- Ҳозирги пайтда бизда қирққа яқин бола шуғулланади. Аввалига Жерўйиқ паркида машғулот ўтказдик. Вақти билан шу туман аҳолиси ҳам қўшилди. Ҳозирда улар залга келади. Ота-оналар билан мулоқот қиламиз, ҳамма мамнун.
Мутахассислар янги лойиҳани истиқболли деб топди. Ва келгусида шу йўл билан болалар ҳамда ўсмирларни юз фоиз қамраб олиш ҳақида гап кетмоқда.
Рустем Байсеитов, Алмати шаҳар спорт бошқармаси раҳбари:
- Бугунги кунда энг талаб катта секциялар футбол, каратэ, шахмат, сузиш ва таэквандо. Жон бошига молиялаштириш маблағлари эвазига бола жалб қилишда етакчи.
Айгул Бектенова, Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт вазирлиги қўмитаси раис ўринбосари:
- Ушбу ташаббус бизнесга ҳам ижобий таъсир қилади. Масалан, агар дастлаб дастурда 220 та етказиб берувчи бўлган бўлса, айни вақтда улар сони бир ярим мингга етган. Амалдаги меъёрий ҳужжатда спортнинг 71 тури мавжуд. Аммо ҳозирда таҳлил олиб бориляпти, натижасига кўра, спортнинг яна 60 тури қўшилади.
Республикада ижодий тўгараклар сони оширилиши ҳам режа қилинган. Бунинг учун келгуси йили дастур бўйича молиялаштириш бир неча марта кўпаяди.
Абдумалик Сарманов таржимаси