Қозоғистон ва Буюк Британия Стратегик мулоқоти олтинчи йиғилишида иштирокчилар ўтган 30 йил мобайнида Туманли Альбион Буюк Дашт мамлакатининг энг йирик инвесторлари қаторидан ўрин олганини таъкидлади. Республикада 600 дан зиёд компания иш юритяпти. Делегациямиз улардан баъзилари билан музокара олиб борди. Минерал захиралар разведкаси ва уларни қазиб олиш, Қозоғистондан нефть экспортини диверсификациялаш, «яшил» энергетикани ривожлантириш масалалари тилга олинди. Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди британиялик ҳамкасби Жеймс Клеверли билан турли масалаларда фикр алмашди.
Мухтар Тлеуберди, Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири:
- Биз иқтисодий масалалар, инвестиция жалб этиш имкониятларини муҳокама қилдик. Савдо ҳажми йил сайин ошмоқда. Британия компаниялари мамлакатимизга 20 миллиард доллар инвестиция киритди.
Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Буюк Британия Бош вазири элчиси, баронесса Эмма Никольсон, Британия-Қозоғистон ҳамжамияти раҳбари Руперт Гудман ва маҳаллий расмий доиралар вакиллари билан учрашувларда адолатли Қозоғистонни яратиш учун мамлакатда ўтказилаётган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ҳақида маълумот берди. Томонлар транзит-транспорт салоҳиятини кенгайтириш, муқобил энергетика ва шаҳар инфратузилмаларини ривожлантиришга оид имкониятларни кўриб чиқди. Ушбу сафар якунларига кўра қўшма баёнот қабул қилинди.
Руперт Гудман, Қозоғистон-Британия ҳамжамияти раиси:
- Геосиёсат, бизнес ва қишлоқ хўжалиги тўғрисида суҳбатлашдик. Бу нарсалар ҳамжамиятимизда кўп муҳокама қилинади. Баъзи ғояларни рўёбга чиқарамиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси