Астанада Минтақавий экологик саммит ўтказиляпти

Астанада Минтақавий экологик саммит ўтказиляпти

Астана яна жаҳон жамоатчилиги нигоҳи остида. Бугун Қозоғистон пойтахтида энг муҳим мақсад табиатни сақлаб қолиш, иқлим таҳдидларини юмшатиш ва инсоний қаршисидаги вазифа сайёра ва дунё келажагини муҳофаза қилиш масалалари муҳокама қилиняпти. Давом этаётган Минтақавий экологик саммитда Марказий Осиё ва Кавказ давлат раҳбарлари, БМТ Бош котиби ўринбосарлари, агентликлар ва бошқа халқаро ташкилотлар етакчилари, олимлар ва экспертлар қатнашяпти. Қозоғистон Президенти пленар йиғилиш очилишида нутқ сўзлади. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, биринчи навбатда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бобидаги ҳамкорлик бирлик воситасига айланиши зарур. Давлатлар тоифаларга бўлинмаслиги керак. Глобал даражада экологик тоза моделларга ўтиш мувозанатланиши зарур.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Кўп ҳолатларда экология кун тартиби турли минтақа ва, айниқса, иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш билан банд бўлган ривожланаётган давлатларнинг тараққий этишга эҳтиёжи ҳисобга олинмаган тарзада ишлаб чиқилади ва шаклланади. Умумий ёндашувимиз дунё мамлакатлари барқарор ривожланиш тамойиллари асосида юксала олиши учун асосланган, прагматик ва чуқур ўйланган бўлиши зарур. Улар иқтисодий ўсиш истиқболи ва устуворликларини хавф остига қўймаслиги лозим.

Сув тақчиллиги, саҳроланиш, музликлар эриши, ҳаво ифлосланиши, биохилма-хиллик камайиши. Қозоғистон Президенти Марказий Осиёга ва қўшни минтақаларга таҳдид солаётган экологик чорловларни тилга олди. Уларни ҳозирнинг ўзида биргаликда ҳал қилиш лозим. Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистоннинг экологик масъулият сари қўйган қадамларини санаб ўтди. Янги Конституцияда асосий тамойил — атроф-муҳитни муҳофаза қилиш аниқ кўрсатилган. Мамлакатда тикланувчи энергетика улуши ҳозир 7 фоиздан ошди. 2030 йилга келиб бу кўрсаткич икки марта кўпаяди. Қозоғистон углеродсиз электроэнергетикани ривожлантиради, Орол ва Каспийни муҳофаза қилиш чораларини кучайтиради.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Шу кунгача биз Шимолий Оролнинг 36 фоизини тиклашга муваффақ бўлдик, сув сифатини яхшиладик, балиқ захирасини, аҳоли турмуш даражасини оширдик. Мамлакатимиз учун яна бир кўмакка муҳтож объект — Каспий денгизи. Қозоғистон Каспийнинг янада деградация бўлиши олдини олиш бўйича давлатлараро дастур ташаббускори бўлди. Минтақавий илмий ҳамкорликни ривожлантириш учун Каспий денгизи илмий-тадқиқот институтини ташкил этди.

Биологик хилма-хиллик экологик сиёсатнинг энг муҳим жиҳатларидан бўлиб қоляпти. Натижада, сайғоқлар популяциясини, илвирслар сонини тиклашга эришилди. Ўрмонларни тиклаш доирасида бир ярим миллиар туп дарахт экилди. Минтақавий ҳаракатлардан ташқари, Қозоғистон сув захиралари бўйича глобал ҳамкорликда қатнашяпти. Саммит доирасида биринчи марта БМТ агентлиги сифатида Халқаро сув ташкилоти тузиш маслааси муҳокама қилинади. Эслатамиз, Қосим-Жўмарт Тўқаев ушбу ташаббусни ўтган йили Ашхободда кўтарган эди. Қозоғистон Президенти шунингдек, Марказий Осиё давлатларининг экологик бирдамлиги тўғрисида Астана декларациясини тилга олди. Бу ҳужжатни минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш сари қўйилган муҳим қадам, деб атади.

Абдумалик Сарманов таржимаси