Қозоғистона ва Хитой компаниялари Урумчида бўлиб ўтган минтақалараро форумда 629 миллион доллар
қийматга эга 17 шартнома имзолади. Улар қаторида 10 та янги подстанция ва электр
узатиш линиялари барпо этиш ва модернизациялаш, электр ускуналар заводи қуриш,
қуритилган туя сути ва ўсимлик ёғи етказиб бериш бўйича контрактлар бор. Йирик
мулоқот майдончасига мамлакатимизнинг 17 вилоят, йирик компаниялари ва тадбиркорлик доиралари ҳамда Осмон ости мамлакати минтақалари
вакиллари келди. Иштирокчилар савдо-иқтисодий, транспорт,
инвестициявий, маданий-гуманитар ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. Форумда сўзга чиққан Бош вазир ўринбосари Серик Жуманғарин таъкидлашича, Хитой Қозоғистонга киритилган инвестициялар ҳажми бўйича тўртинчи ўринда.
Серик
Жуманғарин, Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари:
- Қозоғистон ва Хитой ўртасида фаол
минтақалараро ҳамкорлик қилиш учун барча
имкониятлар бор. Икки давлат шаҳарлари
ўртасида 43 та йўловчи авиарейси йўлга қўйилган, яқин келажакда парвозлар жўғрофияси янада
кенгаяди. Бугун биз транзит
йўналишлар ва транспорт-логистика инфратузилмаларини яратиш бобида ХХР билан
фаол ҳамкорлик қиляпмиз.
Қайрат Тўребаев, Қозоғистон Республикаси Савдо ва
интеграция вазири ўринбосари:
– Хитой Қозоғистондаги фаол инвесторлардан. У илғор
бешликка киради. Ҳозир Қозоғистонда 2 минг 700 тадан зиёд хитойликлар капитали
бўлган компания ва 600 қўшма корхона ташкил этилди. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки,
йирик Хитой корхоналари Қозоғистон бозорларида фаол ишлаяпти. Биз бу рўйхатда
янада кўпроқ компанияларни кўришни истардик. Улар ортидан эса кичик ва ўрта
бизнес ҳам келади.
Бундан ташқари, Урумчида «ЭКСПО Хитой - Евроосиё» халқаро
кўргазмаси иш бошлади. Унда 50
давлатдан 1 минг 900 компания, ХХРнинг 30 провинцияси қатнашяпти. Профессионал бренд-кўргазмада Қозоғистон энг йирик павильонлардан бирини жиҳозлади. 260 квадрат метр майдонда 42 та компания асосан озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат экспорт товарларини
тақдим этди.
Абдумалик Сарманов
таржимаси