Қозоғистон авиацияга 3 миллиард доллар инвестиция жалб этади

Қозоғистон авиацияга 3 миллиард доллар инвестиция жалб этади

Қозоғистон авиация соҳасига 3 миллиард доллар инвестиция жалб этиш ниятида. Бу маблағ Катон-Қарағай, Зайсан, Кендерли, шунингдек, Арқалиқ туристик зоналарида янги аэропортлар қурилишига сарфланади. Жами 10 та учиш-қўниш линияси, 10 та терминал реконструкция қилинади, махсус техника парки янгиланади. Бош вазир раислиги ўтказилган йиғилишда соҳани ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Ўлжас Бектенов мамлакатнинг авиация хаби сифатида нуфузини ошириш, авиатугунларни ривожлантириш ва ер устидаги инфратузилмаларни модернизациялаш зарурлигини таъкидлади. Миллий авиаюкташувчиси яратиш масаласи кўрилди. Унинг ишга тушиши транзит оқимлари йўналиши Қозоғистонга бурилишига ёрдам беради. Ҳукумат раҳбари барча тайёргарлик ишларини имкон қадар жадаллаштиришни топширди. Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда авиаюк ташиш ҳажми 58 миллион тоннага етди. Шунинг 15 фоизи Қозоғистон осмонидан ўтади. Транспорт вазирлиги берган маълумотга кўра, йўловчилар ташиш ҳам ортиб боряпти, мамлакат авиакомпаниялари 7 миллион нафар йўловчининг узоғини яқин қилди. Аэропортлар 14 ярим миллион одамга хизмат кўрсатди.


Абдумалик Сарманов таржимаси