Қозоғистон Президенти ХХРга қилган расмий ташрифи доирасида ХХРнинг қатор йирик компаниялари раҳбарлари билан туркум учрашувлар ўтказди. Шу жумладан, Қосим-Жўмарт Тўқаев SINOPEC директорлар кенгаши раиси Ма Юншэн билан нефт-газ ва энергетика соҳаларига доир қатор инвестициявий лойиҳаларни муҳокама қилди. Компания 2024 йилнинг иккинчи ярмида полиэтилен ишлаб чиқарувчи завод қурилишини бошлаш, Атирауда терефтал кислота ва поли-этилен-терефталат чиқарувчи мажмуа бунёд этиш ниятида.
Хитойнинг экспресс-етказиб бериш логистика оператори етакчиси билан учрашувда Қосим-Жўмарт Тўқаев электрон савдо, транспорт ва логистикада ҳамкорлик бўйича фикр алмашди. Компания Марказий Осиё бош офисини Қозоғистонда очмоқчи. Республика минтақаларида А тоифасидаги юқори технологик мультимодал марказлар қуради. Бу эса товарларни жадал саралаш ҳамда Европа Иттифоқи, Евроосиё Иқтисодий иттифоқи ва минтақа бозорларига чиқиш имконини беради.
Давлат раҳбари CITIC Group бошқаруви раиси Чжу Хэсин билан ҳам гаплашди. Томонлар энергетика ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳамда CRRC Corporation Limited бошқаруви раиси ва ижрочи директори Сунь Юнцай машинасозлик ва темирйўл транспорти масаласида фикр алмашди. Президент мамлакатимиз илғор технологиялар асосида локомотивлар ишлаб чиқаришни локаллаштириш ва темирйўл техникасига хизмат кўрсатувчи сервис марказлари яратишдан манфаатдорлигини таъкидлади.
Пекинда 17 миллиард доллар даромад келтирувчи шартномалар имзоланди
Қозоғистон Президентининг ХХРга ташрифи давомида мамлакатимиз ва Хитой ўртасида иқтисодий ҳамкорликка йўналтирилган умумий қиймати салкам 17 миллиард доллар бўлган 30 та ҳужжат имзоланди. Улар қаторида инвестициявий ва савдо шартномалари, ишлаб чиқариш технологиялари тақдим этиш, кредит линиялари очиш шартномалари бор.
Абдумалик Сарманов таржимаси.