Қозоғистон ва Арманистон ўртасидаги муносабатлар ривожида янги босқич. Бугун Қосим-Жўмарт Тўқаев Ереван шаҳрига расмий ташриф билан келди. Давлат раҳбари Арманистон Бош вазири билан тор ва кенгайтирилган таркибда учрашди. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, Арманистон Қозоғистоннинг Жанубий Кавказдаги муҳим ҳамкори ҳисобланади. Икки давлат ўртасида ҳамкорликни кенгайтиришнинг катта салоҳияти бор. Шу жумладан, савдо-иқтисод, инвестиция, транспорт-логистика соҳаларида бирга ишлаш мумкин.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Биз товар айланмаси кенгайишига туртки бериши мумкин бўлган янги йўналишлар устида ишлашимиз керак деган фикрга келдик. Экспорт-импорт товарлари турларини кенгайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўришимиз зарур. Бунинг учун бор имкониятларимиздан самарали фойдаланишимиз лозим. Қозоғистон Арманистонга экспорт ҳажмини 350 миллион долларга етказишга тайёр.
Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, бизнес-миссиялар орқали контактларни фаоллаштириш керак. Шунингдек, Қозоғистон Арманистоннинг Жанубий Кавказ орқали транзит алоқаларини тиклашга тайёрлигини юқори баҳолайди. Томонлар бевосита авиаалоқани йўлга қўйиш ниятида. Янги авиалиниялар Астану ва Ереван, бошқа шаҳарларни ўзаро боғлайди. Алоқалар фақат иқтисод билан чекланмайди. Қозоғистон ва Арманистон кўп томонлама тузилмаларда ҳам фаол иш юритяпти. Томонлар тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш жараёнларида ҳамкорликни давом эттириш ниятида.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Биз Арманистон ва Озарбайжоннинг тинчлик шартномаси тузишга бўлган интилишини ҳар томонлама қўллаб-қуватлаймиз. Муҳтарам Бош вазир таъкидлаганидек, Қозоғистон эзгулик элчиси миссиясини зиммасига олишга тайёр. Бош мақсадимиз – дўст мамлакатларни ўзаро яқинлаштириш, минтақада мустаҳкам тинчлик, яхши қўшничилик ва барқарорликни таъминлашдан иборат.
Музокаралар ниҳоясида Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Никол Пашинян Қўшма баёнотни, яна бир қанча ҳужжатларни имзолади. Улар қаторида келгуси икки йилга мўлжалланган ҳукуматлараро савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш бўйича йўл харитаси ҳам бор. Маданий алоқаларга келганда, жорий йилда Қозоғистонда Арман маданияти кунлари ўтказилади, келгуси йилда эса Арманистон аҳли Қозоғистон олимлари шоирлари ва бастакорлари ижоди билан танишади. Ереванда буюк мутафаккир Абай номидаги, Астанада арман алфавити асосчиси Месроп Маштоца номидаги кўча очилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.